Қозоғистон ва Корея Республикаси дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаяпти. Ўтган давр мобайнида томонлар савдо алоқаларини кенгайтирди, мустаҳкам ҳамкорлик ришталарини боғлади. Марказий Осиё мамлакатлари ичида Корея Қозоғистонга энг кўп инвестиция киритди. Жами Жанубий Корея республика иқтисодига 4 миллиард доллар инвестиция киритди. Иқтисодиётнинг анъанавий соҳалари салоҳиятини очиш билан бирга бу давлатлар IT, биотиббиёт, «смарт» фермалар йўналишларида ҳамкорлик қилиш ниятида.
Ку Хонг-Сок, Корея Республикасининг Қозоғистондаги элчиси:
- Ўтган 30 йил ўзаро алоқаларимизда жуда муҳим аҳамиятга эга. Лекин алоқаларимизнинг келгуси 30 йиллик даврда ривожланиши ҳам жуда муҳимлиги сир эмас. Корея ҳукумати келгуси 30 йилда ҳам иқтисодий алоқаларга эътибор қаратади. Ўзаро фойдали ҳамкорликни давом эттириш, икки мамлакат фуқаролари яшаш сифатини ошириши, ривожланиши учун бор кучини сарфлайди.
Элчининг таъкидлашича, маданият соҳасида ҳамкорлик ҳам муҳим факторлардан бири ҳисобланади. Томонлар 2022 йилни маданий алмашинув йили, деб эълон қилди. унинг доирасида турли тадбирлар ўтказилади.
Ку Хонг-Сок, Корея Республикасининг Қозоғистондаги элчиси:
- Қозоғистон санъат, опера, балет юқори даражада ривожланган давлат. Жорий йилда таниқли кореялик опера ижрочиси Жо Су Ми Қозоғистонга, қозоғистонлик мусиқачилар билан бирга концерт ўтказиш учун таклиф этилиши кутиляпти. Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, қатор машҳур корейс рассомлар асарлари кўргазмалари ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари Корея элчихонаси қозоғистонликлар учун қатор тадбирлар тайёрлайди. Улар қаторида корейс поп-мусиқаси, миллий таомлар танловлари ва комикслар кўргазмаси бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси.