Хорижий инвестициялар учун очиқ эшиклар сиёсати Қозоғистон учун стратегик устувор вазифа бўлиб қолаверади. Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Президент таъкидлаганидек, мамлакат келгусида ҳам шериклар олдидаги вазифаларини бажаради. Қозоғистон иқтисодиётга сармоя киритишни истаганлар учун зиммасига олган мажбуриятларидан воз кечмайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз январь воқеалари инвесторлар орасида тушунмовчилик келтириб чиқарганини биламиз. Шунинг учун, шахсан мен, бу борада ойдинлик киритиш, инвестициявий сиёсат йўналиши хусусида тушунча беришга қарор қилдим. Январь воқеалари мамлакат бозор иқтисодиётига мойиллиги, қонун устуворлиги, халқаро ва ички мажбуриятларни бажаришимизга монелик қилолмайди. Аксинча, бу янги енгилликлар учун асос бўлади.
Давлат раҳбари таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистон кенг кўламли ўзгаришлар палласига кирди. Уни ҳатто 90-йиллар билан таққослаш мумкин. Мамлакат барчага тенг қўлланадиган қонун устуворлиги йўналишида ривожланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бугунги кундан бошлаб иқтисодий ислоҳотларнинг асосий ғоясини ялпи ички маҳсулот ўсиши ва глобал рейтинглардаги рақамлар эмас, фуқаролар даромади, яшаш стандартлари яхшиланиши ташкил қилади. Бунга эса янги тадбиркорлар синфини ташкил этмай, юқори сифатли инвестициялар жалб қилмай туриб эришиш қийин. Фуқароларга, хусусий бизнесга фаворитлик, кимгадир устунлик бериш, коррупция, олигополиядан четланишни ваъда қиламиз. Бу тадбирлар тўлиқ амалга оширилади.
Басима Сарманова таржимаси