Бугунги кунга келиб Қозоғистон халқаро авиаалоқанинг 40 фоизини тиклади. Пандемиягача мамлакат авиакомпаниялари ҳафтасига беш юз рейс қилган бўлса, ҳозир 230 тага яқинлашди. У ёки бу давлатдаги эпидемиологик вазият яхшиланиши парвозларни тиклаш учун сабаб бўла олади. Қозоғистонликлар учун 20 давлатга учиш имконияти бор. Фуқаро авиацияси қўмитаси берган маълумотга кўра, рейсларнинг кўп қисми Туркия, Ўзбекистон, БАА, Грузияга тўғри келади. Россияга учадиган самолётлар сони тез кунларда 11 тадан 33 тагача ортиши мумкин.
Салтанат Томпиева, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги фуқаро авиацияси қўмитаси раис ўринбосари:
- Аввал Москва ва Қозоғистон ўртасида ҳафтасига 180 та рейс бўлган. Нур-Султондан кунига 4 та самолёт учарди. Ҳозир эса Нур-Султон ва Москва ўртасида ҳафтасига атиги 4 та рейс бор.
Бундан ташқари, Венгрия билан ҳаво алоқаси тикланди. Келгуси ҳафтадан Нур-Султон-Лондон йўналишида парвозлар бошланади. Октябрда Қатар ва Мальдив оролларига йўл очилади.
Ички линияларда эса вазият анча яхши. Соҳа пандемия асоратларидан фориғ бўлиб улгурди. 2019 йилга нисбатан рейслар сони анча ортди. Икки йил аввал авиакомпаниялар ҳафтасига 45 та рейс қилган бўлса, ҳозир 57 йўналиш очилган. Парвозлар сони беш юздан етти юзга етди. Йўловчилар оқими 30 фоизга ошди.
Абдумалик Сарманов таржимаси