Қозоғистон иқтисодиёти ишлаб чиқаришнинг пандемиягача бўлган даражасига етди. Бу ҳақда Халқаро валюта фонди миссияси раҳбари маълум қилди. Николя Бланше айтишича, мамлакат ишончли тикланиш динамикасини намойиш қилишда давом этмоқда. Шунингдек, у Қозоғистоннинг молиявий назоратни кучайтириш, инфляцияни мақсадли қилиш, солиқ ва бюджет бошқарувини рақамлаштириш, 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича мажбуриятларини юқори баҳолади. Бундан ташқари, эксперт мамлакатда инфляция ҳали ҳам ўсиши мумкинлигини таъкидлади, шунинг учун Миллий банкнинг пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Николя Бланше, ХВФ миссиясининг Қозоғистондаги раҳбари:
- Қозоғистон Миллий банки аввалроқ базавий ставкани 0, 25 фоизга оширган эди. Мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилар эканмиз, бу сиёсатни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки инфляция даражаси ҳамон ортиб бормоқда. Шунингдек, биз Миллий банкнинг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларидан воз кечиш ташаббусини маъқуллаймиз. Ўйлаймизки, мамлакатда молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш, рақобатни ҳимоя қилувчи идоралар ташкил этилиши иқтисодиётни тўғри йўналишда ривожлантиришга туртки беради. 2021 йил натижаларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати тикланиш динамикаси янада сақланиб қолган ҳолда 3, 7 фоизга етади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси