Қосим-Жўмарт
Тўқаевга ва ХХР Давлат кенгаши раҳбари Ли Цян учрашувида Қозоғистон – Хитой
ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикчилик аҳволи ва истиқболлари муҳокама
қилинди. Қозоғистон Президенти ва Си Цзиньпин ўртасида аввал келишиб олинган
шартномаларнинг ижроси масаласига алоҳида эътибор берилди. Музокаралар вақтида
қишлоқ хўжалиги, геологоразведка, автомобилсозлик, юксак технологиялар ва
рақамлаштириш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўрилди. Томонлар
чегараоша ўтувчи дарёлар сувидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамкорликни давом
эттириш ниятини билдирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- ХХР ҳукумати дунё
миқёсида кузатилаётган беқарорлик шароитида иқтисодиётнинг барқарорлигини
таъминлаш масаласини муваффақиятли ҳал этмоқда. Биз мамлакатингизнинг дунё
иқтисодиёти барқарор ривожланишини таъминлашга қўшаётган ҳиссасини юқори
баҳолаймиз. Қозоғистон Хитой билан дўстлик,
яхши қўшничилик ва ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга
алоҳида эътибор беради. Қозоғистон Хитойнинг стратегик ҳамкори ва яхши қўшниси
бўлган ва бўлиб қолаверади ҳам. Бугунги кунда Қозоғистон – Хитой муносабатлари
жадал ривожланяпти. Олий даражадаги сиёсий мулоқот ва икки давлат
ҳукуматларининг баҳамжиҳатлиги шундай натижа бермоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Бутунхитой халқ вакиллари йиғини доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи учрашувида Қозоғистон ва Хитой ўртасида парламентлараро муносабатлар мустаҳкамланаётгани қайд этилди. Томонлар кенг кўламли ўзаро алоқаларда самарали ҳамкорлик қилинаётганини таъкидлаб ўтишди. Қозоғистон Президенти таъкидлагани каби, мамлакатлар намунали давлатлараро ҳамкорликни шакллантирди. У абадий ҳар томонлама стратегик шерикчилик руҳида мустаҳкамланиб боради. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, яқин келажакда томонлар ўзаро савдо ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш ниятида. Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдо айланмасининг ярми Қозоғистон улушига тўғри келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.