Брюсселда, «Global
Gateway» иккинчи форумида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон етакчи молиявий
ташкилотлардан бўлган Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестициявий
банки билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади. Бу эса мамлакатга ТМ ривожлантириш,
электр тармоқларини модернизациялаш, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС-1 учун
инвестиция жалб этиш имконини беради.
Ерлан Ақкенженов, Қозоғистон
Республикаси Энергетика вазири:
- Баланд тоғ
устидаги мазкур гидроэлектростанция энергия бериш билан бирга Қозоғистонни сув
билан таъминлайди. Биз учун мазкур иншоотнинг сув-энергетика ҳамкорлиги
доирасида ишлаб туриши жуда муҳим. Чунки Қозоғистон Сирдарёнинг қуйи оқимида.
Жанубий минтақаларни вегетация даврида сув билан таъминлаши жуда муҳим.
Ҳусайн Ўзхан, ЕТТБ
Марказий Осиё ва Монголия бўйича бошқарувчи директори:
- Меморандум ЕТТБ
томонидан ҳар бир мамлакатга - Қозоғистонга, Қирғизистонга ва Ўзбекистонга 500
миллион доллардан, жами 1,5 миллиард доллар ажратилишини кўзда тутади. Бу
ҳозирча биринчи меморандум. Лойиҳа ниҳоясига етиши учун ҳали кўп ишларни амалга
ошириш керак.
Транзит
инфратузилмаларини ривожлантириш ҳам форумда муҳокама қилинган яна бир масала
бўлди. Иштирокчилар таъкидлашича, Қозоғистон — Европа ва Осиёни боғловчи
Транскаспий йўналишидаги асосий ҳалқа. У туфайли юкларни етказиб бериш муддати
икки марта қисқарди.
Роман Василенко,
Қозоғистоннинг Бельгиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Европа Иттифоқи ва
НАТОдаги ваколатхонаси раҳбари:
- Шунинг учун Ўрта
йўлакнинг қиймати йил сайин ортиб боради. Ушбу йўналишда ташилаётган юк ҳажми
ҳам кўп марта ортаётгани бежиз эмас. Агар 2020 йилда мазкур йўналишда 860 минг
тонна юк ташилса, ўтган йили бу кўрсаткич 4,5 миллион тоннага етди. Жорий йилда
5,2 миллион тонна маҳсулот ўтиши режалаштирилган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич
10 миллион тоннага етиши кутиляпти.
Энергетика ва
логистиканинг ривожланиши Қозоғистонга инвестициялар ва илғор технологиялар
келишига имкон яратади. Бу унинг Европа ва Осиё ўртасидаги стратегик хаб
сифатида мавқеини мустаҳкамлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

