Қозоғистон ва Австрия ҳамкорликни кенгайтиради. Бу ҳақда Венада ўтган музокаралар чоғида Қозоғистон Бош вазир ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди ва Австрия федерал канцлери Карл Нехаммер маълум қилган. Суҳбат давомида қозоғистонлик дипломат ҳамкасбини Қосим-Жўмарт Тўқаев бошчилигида ўтказилган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан таништирди. Томонлар, шунингдек, савдо-инвестициявий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Асосий эътибор транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Транскаспий халқаро йўлагини ривожлантириш масалаларига қаратилган. Тарафлар таъкидлаганидек, юртимиз мазкур Европа давлатининг энергия хавфсизлигига катта ҳисса қўшади, Австрияда хом нефть импортининг 40 фоизи республикамиз улушига тўғри келади. Ўз навбатида, Австрия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим савдо шерикларидан. Биргина 2021 йилда ўзаро товар алмашинуви 163 миллион долларни кўрсатган. Жорий йилги кўрсаткичлар ҳам ошиб боряпти, 4 ой ичида мамлакатлар 52 миллион доллардан зиёд миқдорда савдо қилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.