Қозоғистон аёлларининг бизнес лойиҳаси БМТ танловига берилади

Биотуз, озиқ-овқат бокслари ва даволовчи смузи-ичимликлар.  Буларнинг ҳаммасини қарағандилик ёш биолог Арайлим Серикбай экологик тоза хомашё – микрокўкатлардан тайёрлаган. Тадбиркор ўстирилган кўкатлардан фойдаланиш доирасини кенгайтириш ниятида. У ўз олдига янги агромаҳсулотни ёш авлод ичида оммалаштириш каби амбицияли мақсад қўйган. Бу иш билан шуғулланиш учун олима махсус илмий-таълимий марказ ташкил қилган.  

Арайлим Серикбай, Лойиҳа муаллифи, PHD доктори:
- Маҳсулотимиз экологик тоза, чиқиндисиз технологиялар асосида тайёрланади. Мақсадимиз – амалий билимларимиз ва фан ютуқларини бирлаштирган ҳолда ёшларга, ўсмирлар, ўқувчилар, талабаларга экологик саводхонлик, маданиятини сингдириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги таълимини бериш. Фаолиятимиз натижаси сифатида, микрокўкат етиштириш марказини ихтисослашган илмий мактабга айлантириш ниятидамиз.

Арайлим Серикбай ўз ишини глобал даражада кенгайтириш ниятида. У лойиҳасини бошқа тадбиркор аёлларнинг бизнес лойиҳалари билан бирга минтақавий танловга юборди. «БМТ - аёллар» тузилмаси NURIS инновациявий кластери билан Қозоғистонда ташкил қилган танловга жами 85 та мурожаат қабул қилинди. Синчиклаб текширилганидан сўнг, шундан ўнтаси тасдиқланди.

Дина Амришева, «БМТ-Аёллар» тузилмасининг қозоғистондаги офиси бошлиғи вазифасини бажарувчи:
- Бу лойиҳалар минтақа даражасида кўриб чиқилади, энг яхшилари Истамбулда тақдим этилади. «БМТ - аёллар» тузилмаси ҳам иштирокчиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Улар халқаро даражадаги инвесторлар билан учраша олади. Шунингдек, аёллар ўз товар ва хизматларини тақдим эта олиши мумкин бўлган минтақавий ва глобал майдончалар тўғрисида маълумот олишади.   Биз учун мазкур лойиҳаларни тақдим этишда иштирокчилар гендер тенглигини илгарилатишдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтиришлари жуда муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси.