Қозоғистонликларнинг ярмидан кўпроғи КВИга қарши вакцинанинг биринчи босқичидан ўтди. Иккинчи компонентни олганлар сони 8,5 миллиондан ошди. Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният маълум қилишича, мамлакатда ревакцинация кампанияси ҳам фаол давом этяпти. Бустер доза олганлар сони 2 миллиондан ошди. Вазирлик раҳбари мамлакатда қайси вакциналар борлигини ҳам маълум қилди.
Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
«2021 йил февралидан минтақаларга 27 миллион доза вакцина юборилди, уларнинг 6,4 миллиони «Спутник V»нинг І компонент вакцина дозаси, 6,4 миллиони «Спутник V»нинг ІІ компоненти, 2,9 миллиони «QazСovid-in» яъни, QazVac, 1 миллиони «HayatVax SARS-CoV-2 VeroCell». Шунингдек, 500 минг дозаси «КоронаВак», 6 миллиони «Синофарм», 4 миллиони Пфайзернинг «Комирнати» ва 150 минг дозаси «Спутник Лайт», - деди вазир.
Ажар Ғиният маълум қилишича, «Пфайзер» препарати оладиган фуқаролар рўйхати кенгайтирилади.
Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
«Бугунги кунда мазкур вакцина билан эмланиши мумкин бўлганлар рўйхати кенгайтирилди. «Pfizer» компаниясининг «Комирнати» вакцинаси аҳолининг таваккал гуруҳларига етарли бўлиши учун 1 миллион дозасини харид қилиш масаласи кўриляпти», деди Соғлиқни сақлаш вазири.
Ҳозирча 12-17 ёшдаги болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар Пфайзер билан эмланяпти. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ва 60 ёшдан катталарни ревакцинациялаш учун препаратдан фойдаланиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси