Келаси йили турк дунёси давлат ва жамоат арбоби Темирбек Жургеновнинг 125, шоир Музаффар Алимбаев ҳамда актриса Бикен Римованинг 100 йиллигини нишонлайди. Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган ТУРКСЎЙ доимий кенгаши йиғилишида шундай қарор қабул қилинди. 2023 йил туркийзабон мамлакатларда қозоқ бастакори Темирбек Жургенов йили деб эълон қилинди. Қозоқ маданияти, адабиёти, санъати ривожига улкан ҳисса қўшган арбобнинг 125 йиллиги ТУРКСЎЙ доирасида кенг нишонланади. Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар билан тегишли шартнома тузилди.
Роза Карибжанова, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги қўмита раиси:
- Қозоғистон ташаббуси билан 2023 йилда ТУРКСЎЙ доирасида хизмат кўрсатган маданият арбоби, таниқли бастакор Темирбек Жургеновнинг 125 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказиш таклифи киритилди. Шунингдек, актриса Бикен Римова ва ёзувчи Музаффар Алимбаев ижодий меросини туркийзабон давлатларда оммалаштириш ниятидамиз.
Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда ТУРКСЎЙ ташкилоти таъсис этилганининг 30 йиллигини нишонлашга қарор қилинди. Қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Келгуси йилда Озарбайжоннинг Шуша шаҳри турк дунёси маданий пойтахти бўлади.
Султан Раев, турксўй бош котиби:
- Биз турк дунёси маданиятини илгари суриш учун қатор муҳим қарорлар қабул қилдик. 2024 йилда Туркманистондаги Аннау шаҳри турк дунёси маданий пойтахти, деб эълон қилинди. 2024 йил туркман адабиёти классиги, олим ва файласуф Махтумқули Фироғий йили деб белгиланди. Халқларимиз маданий меросини сақлаб қолиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.
Таъкидлаш лозимки, Бурсада айни вақтда «Қўрқит ота» турк дунёси кинофестивали ўтказилди. Унда 300дан зиёд кино усталари ва маданият арбоблари қатнашди. Томошабинларга Қозоғистоннинг «Дўс-Муқасан» картинаси, «Муқағали» биографик драмаси, «Буюк дашт тонги» ва «Оқ бўз уй» тарихий фильмлари, «Евроосиё ҳукмдори» картинаси, «Музбалақ» мультфильми, шунингдек, Қозоғистон ва Татаристон биргаликда яратган «Тарлан» картинаси тақдим этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.