Қосим-Жўмарт Тўқаев «Ягона макон, ягона йўл» форумида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Ягона макон, ягона йўл» форумида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Пекинга расмий ташрифининг иккинчи куни «Ягона макон, ягона йўл» 3-халқаро ҳамкорлик форумидаги иштироки билан бошланди. Хитойнинг ушбу ташаббуси замонамизнинг мегалойиҳасига айланди. Унга аъзо бўлган давлатлар киритган инвестициялар сабабли Осиё, Европа ва Африканинг 150 та  давлати денгиз, темирйўл ва автомобиль йўллари билан боғланади. Натижада, юк ташиш, товар айланмаси ҳамда дунё савдоси ҳажми кескин ошади.  Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, буларнинг ҳаммаси беқарорлик даврида мамлакатларнинг замонавий чорловларга жавоб бера олиши учун зарур. Давлат раҳбари Қозоғистоннинг транспорт-логистика соҳасидаги муваффақиятларини ҳам кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ҳозир Хитойдан Европага қуруқлик орқали юборилаётган транзит юкларнинг 85 фоизи Қозоғистондан ўтяпти. Транзит-транспорт соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берган ҳолда, сўнгги 15 йил ичида биз бу мақсадда 35 миллиард доллар сарфладик. Ляньюньгандаги Қозоғистон – Хитой логистика маркази, «Хоргос» қуруқ порти, Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой транзит магистрали, Хитойдан Эронга олиб чиқувчи темир йўл йўлаги каби инфратузилма лойиҳалари ишга туширилди.

Қозоғистон эришилган марралар билан кифояланмоқчи эмас. Келгуси уч йилда республикада 1 минг 300 километр янги темир йўл қурилади. Қозоғистон – Хитой чегарасида темир йўл орқали учинчи ўтказиш пункти, «Бахти» ва «Қалжат» қуруқ портлари бунёд этилиши режалаштирилган. Буларнинг ҳаммаси Қозоғистоннинг йирик иқтисодий лойиҳалари глобал Хитой ташаббуси билан уйғунлашишига мисол бўла олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг аҳамиятини алоҳида кўрсатиб ўтди. У Хитой, Марказий Осиё ва Европани боғловчи мегалойиҳанинг кўпригига айланди, юк етказиб бериш муддатини икки марта қисқартирди ҳамда транспорт харажатларини кескин камайтирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Қозоғистон ва Хитой ўртасида Транскаспий йўналишига доир иккита ҳукуматлараро шартнома имзоланган. Яқин вақтда у самара бера бошлашига ишончим комил. Фаолиятни самарали мувофиқлаштириш учун йирик стратегик портлар, логистика марказлари ва почта хаблари ҳамкорлик тармоғини яратишни таклиф этаман. Биз  биргаликда транспорт кемалари ва контейнерлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Қозоғистон йўловчи ва юк ташишда барқарор хизмат қилган ҳолда жаҳоннинг етакчи авиакомпаниялари учун ишончли ҳаво кўприги ва қулай дарвозаси бўлишга тайёр.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек,  «Рақамли Ипак йўли» янги глобал лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш мамлакат учун янги имкониятлар очишини тилга олди. Қозоғистон Президенти таъкидлашича, бундай ҳамкорлик иқтисодиётни инновациявий ривожлантиришга хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, форумда 20 дан зиёд давлат раҳбари ва 130 дан зиёд мамлакат ҳамда халқаро ташкилот вакиллари қатнашди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.