Қосим-Жўмарт Тўқаев Саккизинчи чақириқ Парламентининг биринчи сессияси очилишида янги сайланган депутатлар зиммасидаги вазифаларни тилга олди. Давлат раҳбари таъкидлашича, халқ вакилларига улкан масъулият юкланади, чунки қозоғистонликлар уларга умид боғлаган. Президент ўзгаришлар сари йўл давом этиши учун мамлакат манфаатлари йўлида биргаликда ишлашни таклиф этди. Асосий устувор мақсад – фуқаролар турмуш сифатини ошириш ва бунинг учун зарур қонуний ҳужжатлар қабул қилишдан иборат. Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат томонидан режалаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди, бугунги кунда қатор стратегик ҳужжатлар долзарблигини йўқотганини кўрсатиб ўтди. Шу жумладан, «2050 йилгача Қозоғистоннинг Тараққиёт стратегияси» тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур. Давлат раҳбари инфратузилмавий тараққиёт, тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакат саноат салоҳиятини ошириш масалаларига ёндашувни ўзгартиришга чақирди. Президент қонунлар Конституцияга мувофиқлаштирилиши лозимлигини кўрсатиб ўтди.
ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Популизм ва кимларнингдир шахсий манфаатини ҳимоя қилишга йўл бермаслик керак. Парламент ва маслихатлар ҳамиша яқин ҳамкорликда иш тутиши лозим. Шу тариқа, биз давлат сиёсатини рўёбга чиқара оламиз. Ислоҳотлар туфайли депутатлар ваколати анча кенгайди, бу эса ўз навбатида марказга минтақаларда юзага келаётган, маҳаллий кучлар билан ҳал қилиш имкони бўлмаган жиддий ва кенг кўламли муаммоларга ўз вақтида эътибор қаратиш имконини беради. Икки палатали парламент ишида ҳам ўзгаришлар бор. Авваллари қонун лойиҳаси Мажилис томонидан маъқулланиб, кейин Сенатда қабул қилинса, эндиликда Мажилис қонун қабул қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Бош вазир номзоди бўйича фикр билдирди. Уни «Аманат» партияси илгари суриши керак. Президент таъкидлашича, сайловларда ғалаба қозонган партия шу тариқа сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси