Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Минтақалараро ҳамкорлик форумида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Минтақалараро ҳамкорлик форумида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Қозоғистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлиги XXI Форумида видеоконференцалоқа тартибида иштирок этди. Эслатамиз, жорий йилда ушбу тадбир мамлакатимизда, Уральск шаҳрида бўлиб ўтяпти. Давлатимиз раҳбари ушбу майдончанинг Қозоғистон-Россия стратегик ҳамкорлиги сермаҳсул бўлишида алоҳида роль ўйнашини таъкидлади, зеро, айнан минтақаларда иқтисодий ўсиш ва соҳавий ҳамкорлик учун шароит юзага келади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ишчи касблар кишиларининг икки давлат иқтисодий равнақига қўшаётган ҳиссасига ҳам батафсил тўхталиб ўтди. У Қозоғистонда ўтказилган техник ва профессионал таълим тизимидаги ўзгаришлар, талабаларни ишга жойлаштириш кафолати билан тайёрлаш механизми жорий қилингани, рақамли технологиялар қўлланаётгани ҳақида сўзлаб берди. Бундан ташқари, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев, давлат томонидан ишчи касблар нуфузини кўтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Президент маълум қилганидек, юқори малакали ҳамда замонавий кўникмаларга эга мутахассислар Қозоғистон ва Россияда саноат ўсиши ва технологик модернизация учун пойдевор бўлмоқда.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Мазкур ўзига хос майдончада янги иқтисодий, инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳалар туғилади, кейинчалик улар аста-секин минтақавий даражада амалга оширилади. Бу жуда муҳим, негаки, айнан минтақаларда иқтисодий ўсиш ва саноат, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим ва маданиятдаги ҳамкорлик учун шароитлар яратилади. Мамлакатларимизда савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳада йилдан-йилга барқарор ўсиш кузатилаётгани қувонарли.


Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:


Минтақавий алоқалар икки томонлама муносабатларнинг бутун мажмуида чинакамига ишончли пойдевор саналади, улар турли-туман соҳалар – иқтисодиёт, савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва бошқаларни қамраб олади. Умуман олганда, Россия Федерациясининг 89 субъектидан 76 таси Қозоғистоннинг 17 вилояти билан бевосита алоқа боғлаган.


Абдумалик Сарманов таржимаси