2025 йилда Нурғиса Тлендиевнинг 100 йиллик юбилейи нишонланади. Давлат раҳбари буюк бастакор юбилейини кенг нишонлаш зарурлигини тилга олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев «Ўтрар сази» оркестри раҳбари Динара Тлендиевани қабул қилди. Учрашув давомида қозоқ маданиятини ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинди. Динара Тлендиева Президентни рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар билан таништирди, итальян тенори Андреа Бочелли ва бошқа машҳур мусиқачилар репертуаридан ўрин олган қозоқ халқ чолғу асбоблари ижроси ҳақида сўз юритди.
Давлат раҳбари Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Науризбай ҳожи Тағанулини ҳам қабул қилди. Учрашув давомида Президент қозоғистонлик барча мусулмонларни муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан муборакбод этди. Бош муфтий рўза ойи давомида ўтказиладиган тадбирлар ва туркийзабон мамлакатлар бош муфтийлари коллегиясини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.