Қосим-Жўмарт Тўқаев Олимпиада чемпиони Михаил Шайдоровни мукофотлади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Олимпиада чемпиони Михаил Шайдоровни мукофотлади

Ақўрдада Давлат раҳбари Италияда бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинлари чемпиони Михаил Шайдоров ва унинг тренерларини қабул қилди. Мукофотлар маросимида Қозоғистон Президенти нутқ сўзлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, тўрт йилда бир марта юз берадиган мазкур ғалаба Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга. Фигурали учишда олтин медаль олган спортчи туфайли мамлакат байроғи Олимпиада аренаси узра юксакликка кўтарилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, ушбу ғалаба мамлакат спорти тарихи солномаларидан ўрин олади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бугун Михаил билан бутун мамлакат фахрланади, ёшлар учун у намуна бўлди. Олимпиада чемпионлигига эришиш энг мураккаб йўлни босиб ўта оладиган даражада ирода ва матонат дегани. Энг аввало, бундай мукофотни Қозоғистон халқи 32 йилдан буён кутаётган эди. Иккинчидан, бу мамлакатимиз фигурали учиш усталари олган биринчи Олимпиада олтин медали. Учинчидан, Қозоғистонда машҳур спортчи Денис Теннинг муносиб издошлари, ёрқин истеъдодлар борлигини бутун дунё англаб етди.

Президент бунда тренерларнинг хизмати катта эканлигини алоҳида таъкидлади. Олимпиада чемпиони Давлат раҳбарига ва Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди.

Михаил Шайдоров, Олимпиада чемпиони:


- Олимпиада олтин медали мен учун ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда катта йўл турибди, уни ўз юртим олдидаги масъулият ҳисси билан босиб ўтишни, ёш авлод учун ибрат бўлишни ва мамлакатимизни бутун дунёга танитишда давом этишни истайман. Рахмет Сизге! Севимли юртим – Қозоғистонга фахр билан хизмат қиламан!


Учрашув сўнгида Қосим-Жўмарт Тўқаев қатор давлат мукофотларини топширди. Михаил Шайдоров ІІ даражали «Барс» орденига, тренерлар ІІ даражали «Дўстиқ» ва «Қурмет» орденларига муносиб кўрилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси