Қосим-Жўмарт Тўқаев чегара муаммоларини ҳал этишни таклиф қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев чегара муаммоларини ҳал этишни таклиф қилди

Қозоғистон давлат чегараларини делимитациялаш масаласида ёрдам беришга тайёр. Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV консультатив учрашувида сўзга чиққан Қосим-Жўмарт Тўқаев шундай баёнот берди. Қозоғистон раҳбари чегараларни аниқлаб олиш учун ўзаро маъқул келадиган ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида экспертлик майдончаси ташкил қилишни таклиф этди. Бу ишга тажрибали ҳуқуқшунос, картограф, чегарачи ва бошқа мутахассислар жалб қилинади. Ушбу масалани мувофиқлаштиришни Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклаш мумкин.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ушбу мажмуавий муаммоларга бефарқ бўлиш ёки ҳал қилишни чўзавериш кескинликка олиб келиши ҳамда Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган барча ҳаракатларни чиппакка чиқариши мумкин. Қозоғистон давлат чегараларини тўла делимитация қилган собиқ Совет Иттифоқидаги ягона давлат сифатида ўзаро мақбул ечимлар топиш масаласида имкон даражасида кўмак кўрсата олади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити иштирокчилари бир нечта, шу жумладан, XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаши кутиляпти. Тарихий ҳужжат Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб беради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.