2023 йилда яна бир нечта янги йўналиш очилиши режа қилинган. Фуқаро авиациясидан берилган маълумотга кўра, Қозоғистон пойтахтидан Қатарга, Анқарадан Ақтауга, Бокудан Астанага, Чимкентдан Душанбега, Бангкокдан Алматига учиш мумкин. Маълум бўлишича, улар баҳор-ёз навигацияси учун мўлжалланган. Янги халқаро рейслардан ташқари, мавжуд авиайўналишларда қатновчи самолётлар сони оширилади. Туркия, Грузия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Хитой, Буюк Британияга етиб олиш янада осонлашади. Жорий йилда Астана-Бишкек, Ақтау-Ереван, Алмати-Самарқанд ва Чимкент-Кутаиси йўналишлари тикланиши мўлжалланган.
Тимур Тлегенов, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги фуқаро авиацияси қўмитаси раис ўринбосари:
- Халқаро йўналишлар очилишига келсак, жорий йилда 13 та янги халқаро рейс ташкил этилади. Куала-Лумпур-Алмати, Алмати-Мадина, Ақтау-Мадина, Чимкент-Мадина ва бошқа қатор йўналишларда Қозоғистонга ва хориж давлатларига тегишли самолётлар мунтазам учади. Биз барча таваккалларни ўргандик, ҳисобга олдик. Янги парвозлар халқаро фуқаро авиацияси ташкилотлари тавсиясига кўра шакллантирилмоқда. Умуман олганда, жорий йил давомида, рақобатни кучайтириш ва авиабилет баҳосини пасайтириш учун имкон қадар ҳаракат қиламиз.
Маълум бўлишича, ўтган йили 7 та давлатга 10 йўналишда ҳафтасига 25 та рейс очилганди. Эслатамиз, Қозоғистонда 2027 йил охиригача «очиқ осмон» тартиби сақлаб қолинишига қарор қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси