Қоҳирада Султон Бейбарс шарафига масжид очилди

Уларда Қозоғистон делегацияси ҳам иштирок этди. Қоҳирада ташкил этилган юбилей тадбирлари рўйхатидан буюк саркарда ҳақидаги китоб тақдимоти ҳамда унинг шарафига номланган «Султон Аз-Зоҳир Бейбарс» масжиди очилиши ҳам жой олган. Юртимиз делегациясига Сенат спикери Маулен Ашимбаев раҳбарлик қилди. У таъкидлагани каби, доно ҳукмдор номи жаҳон тарихига олтин ҳарфлар билан битилган. Юбилей доирасида ўтказилган тадбирлар мисрликлар учун ҳам, қозоғистонликлар учун ҳам бирдек аҳамиятли. Айтиш керак, Султон Бейбарс таваллудининг юбилей санаси доирасида юртимизда ва Мисрда 600 тадан кўпроқ тадбир ташкил қилинган. Палата раиси айтишича, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бу тадбирлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратган.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Қозоғистон ва Миср халқлари ўртасидаги муносабатлар мамлуклар давридан бошланган чуқур тарихий илдизга эга. Буюк саркарда бўлган Султон Бейбарс ўз даврида масжид-мадрасалар қурилишига, фан-таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Бугун реставрациядан кейин янгидан очилган «Султон Аз-Зоҳир Бейбарс» масжиди ҳақли равишда жаҳон маданий меросининг нодир объектларидан бири, деб топилди. Шу боис, бугунги тадбир халқаро миқёсда аҳамиятли воқеа саналади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси