Абай номли давлат опера ва балет театри саҳнасида - «Қиз-Жибек»нинг янги талқини. Премьера бастакор Евгений Брусиловскийнинг 115 йиллиги, спектаклнинг биринчи режиссёри Қурманбек Жандарбеков ва бош партия ижрочиси Қанабек Байсеитов юбилейига бағишланди. Покиза ишқ қиссаси катта саҳнага чиқиб, томошабин кўнглидан жой олганига 86 йил бўлди. Бу сафар эса режиссура ва сценографиядаги кутилмаган ечим ва топилмалар туфайли опера янгича янгради.
МИХАИЛ ПАНДЖАВИДЗЕ, СПЕКТАКЛЬ ПОСТАНОВКАЧИ РЕЖИССЁРИ:
- Бу ҳикоя жуда афсонавийлиги, рамзийлиги билан ажралиб туради, унда уч дунё бор. Одамлар дунёси – фотосуратлар каби ҳаққоний, оққуш қизлар дунёси ҳамда қароқчи қарғалар дунёси. Бу линияларни рамзлар билан тасвирлашга ҳаракат қилдик.
Биринчи саҳнада томошабинлар чин муҳаббат қиссасини, оққушлар садоқатини ва хиёнатни томоша қилади. Режиссёр айтишича, бу – фожиа. Лекин, айни вақтда, қаҳрамонларнинг соф туйғу учун ўз-ўзини қурбон қилишга тайёрлигини кўрсатувчи лирик қўшиқ. Мусиқачилар ҳам катта иш қилди – дирижёр ҳиссиётлар ипини тутиб туришга интилган. Куйлар қаҳрамонларнинг эҳтиросларига ҳамоҳанг янграйди, гоҳида мусаффо, гоҳида ташвишли. Қиз Жибекни гавдалантирган Венера Алписбаева зиммасида ҳам мураккаб вазифа турганди.
ВЕНЕРА АЛПИСБАЕВА, ОПЕРА ИЖРОЧИСИ, АБАЙ НОМЛИ ДАВЛАТ ОПЕРА ВА БАЛЕТ ТЕАТРИ ЯККАХОНИ:
- Биринчи кўринишда Жибек – ёш, ҳаётга чанқоқ, эрка қиз – у отасининг ёлғизи, ташвиш кўрмай яшагани сезилиб турса, 4-актда мутлақо бошқа, Тўлеген ҳалок бўлганини билган, ғамдан бағри ўртанган Жибекни кўрамиз. Айтиш мумкинки, саҳнада унинг қандай кексайиб қолганини кўра оласиз, бу ўзгаришни тасвирлаш, етказиб бериш жуда қийин кечди.
Янги постановка яна шуниси билан қизиқки, у сўзлар янграган опера жанрида қайта тикланган. Айни вақтда, саҳнада жуда кўп рақс фрагментлари намойиш этилади. Постановкада динамика кучли, рамзийлик ва ҳиссиётлар аниқ кўринади.