Қишлоқларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш устувор вазифа. Тегишли вазирлик раҳбари Алексей Цой айтишича, қишлоқларда тиббиётни такомиллаштириш учун кадрлар сиёсатидан тортиб, ускуналарни модернизациялаш ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратишгача мажмуавий тарзда ёндашиш зарур. Вазир асосий муаммолар қаторида тор соҳалардаги мутахассислар етишмаслиги ва навбат катталиги, тиббиёт муассасалари яхши жиҳозланмаганини тилга олди.
Долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 йилга мўлжалланган тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Унинг доирасида қишлоқ ҳудудларида тиббий хизматлар сифатини ошириш кўзда тутилган.
Жамила Абеуова, Алмати вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Енбекшиқазақ кўпсоҳали шифохонаси директори:
- Қишлоқ ҳудудлари – энг таҳликали жойлар, жуда олис туманлар, яйловлар, қишлоқ округлари шу тоифага киради. Бугунги кунда олдимизда улардаги тузилмаларни яхшилаш, тиббий хизмат, айниқса, тор соҳаларда ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, аҳоли яшаш жойларига «Тез ёрдам» хизматини етказиш вазифаси турибди. Шунингдек, ижтимоий, тиббий, психологик ёрдамни яхшилашимиз, жойларда кўмак кўрсатиш ва реабилитацияни йўлга қўйишимиз зарур. Жорий йилда COVID юқтирганлар бундай ёрдамга муҳтож.
Абдумалик Сарманов таржимаси