Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш жадаллаштирилади

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш жадаллаштирилади

Қозоғистонда қишлоқ хўжалик майдонларини рақамлаштириш ишлари жадаллаштирилади. Сенатда Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Бағлан Бекбауов маълум қилишича, бугунги кунда ерларнинг 39 фоизи рақамлаштирилган. «Қазақстан Ғариш сапари» компанияси билан бирга олиб борилаётган фаолият туфайли қолган ҳудуд режалаштирилгани каби 5 йил эмас, 2 йил ичида электрон форматга ўтказилади. Космик мониторинг воситасида 8 миллион гектардан зиёд ишлатилмаётган ерлар аниқланган, улардан икки ярим миллион гектар яйлов давлатга қайтарилган.

Али Бектаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:

- Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзининг «Халқ бирлиги ва тизимли ислоҳотлар – мамлакат фаровонлигининг мустаҳкам асоси» деб аталган Қозоғистон халқига Мактубида рақамлаштириш, космик мониторинг ва масофадан зондлашни тилга олди. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришдан асосий мақсад – маҳсулот таннархини камайтириш, сифатини ошириш ва коррупция олдини олишдан иборат. Шу муносабат билан рақамли технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ дунё тажрибасидан фойдаланиш ҳисобига иқтисодий самарага эришиш даркор. Янги технологиялар аграр секторга ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Янги имкониятлар очади. Иқтисод асоси бўлган агросаноатни ривожлантириш ҳисобига давлат даромадини кўпайтириш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси