Қозоғистонда суратга олинган «Дала қашқири» фильми мамлакат ичида прокатга чиқди. Дунё томошабинларини лол қолдирган картина илк марта Астанада намойиш этилди. Эслатамиз, бу лента Бельгияда бўлиб ўтган кинофорумнинг бош мукофотини олганди. Канададаги Fantasia Film Festival фестивалида эса ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Картинада бош ролларни ўйнаган Берик Айтжанов ва Анна Старченко пешқадам актёрлар сифатида ном қозонди. Бунгача режиссёр Адилхан Ержановнинг фильми Франция кинотанқидчилари ҳамжамияти мукофотига лойиқ кўрилганди. Корея киносеварлар уюшмаси ҳам картинани юқори баҳолади. Эслатамиз, «Дала қашқири» оммавий тартибсизликлар бошланган кичкина шаҳарда қолиб кетган фарзандини ахтарган аёл ва детектив ҳақида ҳикоя қилади. Экспертлар фикрича, мамлакат режиссёрларининг фаолияти картиналарни халқаро кино бозорига олиб чиқиш имкониятини беради. Кинодаги ўзига хос нигоҳ ва ҳаққонийлик уларнинг ишида яққол сезилади.
Алия Меңдиғожина, продюсер:
– Европа кинематографи Қозоғистонни аввалдан яхши билади. Ҳурмат қилади. Европа ва дунё кинофестивалларида Қозоғистон кинолари асосий намойишларда фақат бир неча йилдан буён эмас, азалдан қатнашган. Фильм режиссёри Адилхан Ержанов ҳам бу соҳада ишлаётганига, турли фестивалларда қатнашаётганига 10 йил бўлди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.