Каспий денгизи ҳавзасида Қозоғистон ҳарбий-денгиз кучларининг кенг кўламли ўқув машқлари давом этяпти. Биринчи кунда жанговар вазиятга имкон қадар яқин шароитларда ғаввослар ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Тўлиқ жиҳозланган денгизчилар 8 метр чуқурликда ҳаракатланди. Улар шартли душманни пистирмада кутиб олиши, сўнг баҳамжиҳат ҳаракатланган ҳолда тўсатдан ҳужум қилиши лозим эди. Махсус хизмат ходимлари тўсиқларни енгиб ўтди ва объектга сездирмасдан яқинлаша олди.
Заманбек Бақтигереев, Ғаввослар ротаси катта матроси:
- Энг муҳими – мўлжалга биринчи бўлиб келиш. Албатта, хавфли, қўрқув бор.
Лекин биз кечаси ҳам, кундузи ҳам вазифамизни бажаришимиз керак.
Иккинчи кунги машқларда десантчилар қатнашди. Шартга кўра, улар тезюрар катерда
қуролли тўда босиб олган кемани қувиб етиши зарур эди. Тезкор гуруҳ бир неча сония
ичида палубага кўтарилиши ва шартли душманни йўқ қилиши лозим бўлди. Бошқа бир
жойда эса аскарлар нефть минорасини террорчилардан озод қилиши керак эди. Сўнг десантчилар
ҳалокатга учраган кема экипажига ёрдам кўрсатиш малакаларини чархлади.
Сакен Бекжанов, Қозоғистон Республикаси Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони:
- Каспий денгизининг Қозоғистон секторида Транскаспий йўлаги бўйлаб кемалар
хавфсизлигини таъминлаш, денгизда иқтисодий фаолият юритиш учун ҳарбий-денгиз
кучларининг жамоа-штаб ўқув машқлари амалга ошириляпти. Уларда босиб олинган
кемани, нефть минорасини озод қилиш, тактик ҳаво-денгиз десанти қўниши ва бошқа
ҳаракатлар ўрганилди. Жамоа-штаб машқларида кўзда тутилган барча топшириқлар
бажарилди.
Ҳарбий-тактик машқлар якуни октябрь ойида чиқарилади. Шунингдек,
Ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилаётган солдатлар малакаси баҳоланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.