Республикада уларни тиклаш ва қайта жонлантириш бўйича ҳунармандлар фаол иш олиб боряпти. Улар ўз ишларида номадлар маданиятининг тарихий муҳим жиҳатлари ва ютуқлари ҳақида ҳикоя қилади. Бошқалар эса турли ҳунарларни болаларга ўргатиш билан банд. Навбатдаги лавҳамиз шу ҳақда.
Кўкшетаулик Укижан Ементаева тиккан ҳар бир буюм ўзига хос. 80 ёшли чевар муқаддас мазмунга эга нақшли асарлар яратади. Полотноларида кўчманчилар тарихи акс этган. Уларда скиф маданияти, турк цивилизацияси ютуқлари, Буюк Ипак йўли йўналишлари, ўтган асрнинг 30-йилларидаги мусибатларни кўриш мумкин. Чевар ўз санъатининг нафис сирларини ёш авлодга ўргатмоқда.
Укижан Ементаева, чевар:
- Улар тарихи билан фахрланиши учун уни билиши керак. Ана шу ғурур туйғуси улкан жасоратлар сари етаклайди. Болалар, ўсмирлар тарихимизни, маданиятимизни, цивилизациямизни сийратига сингдириши зарур. Ўтган тарихимизни улар қалбига жойлашни истайман. Ғоялар жуда кўп. Мен 80 ёшга тўлдим, ўйнаб-кулиб юрибман. Фақат барча ғояларни рўёбга чиқара олмасликдан чўчийман. Тинмай нимадир яратгим келади.
Ақмўла вилояти ҳунармандлар иттифоқида 130 га яқин уста бор. Улар бошловчилар учун мунтазам мастер-класслар ўтказади. Натижада, турли ҳунарларга қизиқиш ортяпти.
Гулбара Нурқанова, вилоят ҳунармандлар иттифоқи раиси:
- Ёш қизлар, талабалар, ўқувчилар, келинчаклар таълим олиш учун келади. Иттифоқимиз аъзолари улар учун мастер-класслар ўтади, миллий ҳунарларни кўрсатади. Шунингдек, «Оналар уйи»га борамиз, қиз-жувонларга иш ўргатамиз.
Ёғоч ўймакорлиги, батика, чивиқлардан бўйра тўқиш. Шарқий Қозоғистонда яшовчи Бауржан Дарибаев бу ишнинг барча нозик қирраларини билади. Лекин ўзининг зиммасидаги асосий иш болаларга таълим беришда, дейди. Устанинг шогирдлари турли республика ва халқаро танловларда эътироф қозонган, юқори ўринларни олган.
Бауржан Дарибаев, 7-мактаб ўқитувчиси, олтой шаҳри:
- Болалар сабоқ олаётганида телефондан дам олади, вақтини мазмунли ўтказади. Турли материалларни ўрганамиз, компьютер графикасидан фойдаланамиз. Эътибор билан ўқиймиз.
София Блинова, ўқувчи:
- Газмолга чизиш қоғозга чизишдан фарқ қилади. Бўёқлар ҳам одатдагидан бошқача. Газмолга оқиб кетмайди. Ранглар чаплашиб кетмаслиги учун эҳтит бўлиш керак. Бузиб қўймаслик керак. Ҳар бир деталь муҳим.
Бауржан ҳам турли танловларда иштирок этади. Яқинда уста ишлаётган мактаб қошида яна бир устахона очилади. Демак, янада кўпроқ бола учун қадимий қозоқ санъати сирларини ўрганиш имкониятига туғилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси