Қалибек Қуанишбаев номли қозоқ мусиқа-драма театри жорий йилда туркийзабон театрларни тўплаб, янги форматдаги фестиваль ташкил этиш ниятида. Даргоҳ директори ўринбосари Нуркен Утеулнинг айтишича, шу кунларда жамоа 30 йиллигига тайёрланяпти. Олдинда кўп сонли премьералар ва кенг томошабинлар оммасига мўлжалланган лойиҳалар турибди. Улардан бирининг режаси ва формати мамлакат Маданият ва спорт вазирлигида тасдиқдан ўтмоқда.
Нуркен Утеул, Ижодий ишлар бўйича театр директори ўринбосари:
- Жорий йилда биз Мустақилликнинг 30 йиллигини нишонларканмиз, айни вақтда театримизнинг ҳам 30 йиллик юбилейини байрам қиламиз. Ҳозир тайёргарлик ишлари давом этаяпти. Олдинда улкан режалар бор. Жорий йил давомида томошабинларга 5-6 та премьера тақдим этмоқчимиз. Октябрь–ноябрьда фестиваль ташкил қиламиз. Қизиқарли ғоялар бор, уларни вазирлик билан муҳокама қиляпмиз. Шунингдек, туркийзабон халқлар халқаро театр фестивали ташкил этиш ҳақида ўйлаяпмиз. Ҳаммасига эришамиз, деб ўйлайман.
Таъкидлаш жоизки, 1991 йил ноябрида очилган Қалибек Қуанишбаев номли театр ўтган йили Элбоши ташаббуси билан янги, улкан бинога кўчиб ўтди. Янгиланган саҳнада артистлар «Абай» спектаклини намойиш қилди. Жорий йилдаги дастлабки чиқишлар ҳам буюк мутафаккирга бағишланади. «Қўнанбой» постановкасини 29-31 март кунлари томоша қила оласиз.
Қуандиқ Қистиқбай, К. Қуанишбаев номли театр бадиий раҳбари:
- Бу асар бўйича Дўсхан Жўлжақсинов фильм суратга олган. Бизга спектакль қўйиш таклиф қилинди. Барча тафсилотларни очиқ айтолмайман. Премьерадан сўнг биз яна 3-4 ишимизни Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаймиз.
Катта театрнинг жамоаси ҳам катта бўлади, янги ходимлар ишга олинади. Театр бадиий раҳбарининг айтишича, яқин келажакда бу даргоҳда лаборатория ишга тушади, унда артистларга тўла ижодий эркинлик тақдим этилади.
Қуандиқ Қистиқбай, К. Қуанишбаев номли театр бадиий раҳбари:
- Ижодкорларга эркинлик, очилиш имконияти берилади, алоҳида саҳна, ўзига хос формат. У ерда қўйиладиган асарлар минимализмга асосланади. Артистларимизнинг ўзига хос, тенгсиз ишлари, моно-спектакллари, 4-5 кишидан иборат постановкалари, режиссёрлик ғоялари бор. Улар учун катта имкониятлар очиляпти.
Театр 30 йиллик юбилейини шу тариқа кутиб олиш ниятида. Артистлар айтишича, байрам янада кенг кўламли бўлиши лозим эди. Бироқ карантин чекловлари бунга йўл бермади. Шуни ҳам айтиш керакки, санъат шинавандалари спектаклларни онлайн-форматда, ташкилотнинг расмий сайтида томоша қилиши мумкин.