Аҳоли пунктлари хавф остида эмас, дея маълум қилди республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Ўрмондаги ёнғинни ўчириш ишлари бир неча йўналишда олиб борилмоқда. Учувчисиз ускуна ёрдамида олиб борилган аэроразведка олов Семей томонга силжиганини кўрсатди, тезкор чоралар натижасида унинг йўли кесилди. Эслатамиз, вазир маълум қилишича, минтақада кузатилаётган жазирама иссиқ, кучли шамол ва ҳудуд рельефи мураккаблиги сабабли вазият қийинлашганди. Ҳозир бир минг саккиз юздан зиёд ходим, 350 та техника бирлиги оловни ўчириш билан машғул. Ўтган кеча-кундузнинг ўзида бир ярим минг тонна сув сепилди.
Зулфия Сулейменова, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий захиралар вазири:
- Шу кунларда экология вазирлигининг 290 нафар ходими, 88 та техника бирлиги ўт ўчиришга жалб қилинган. Шунингдек, «Казавиалесохрана» вертолёти, 8 та ходими сафарбар этилди. Улар «Семей ўрмони» ходимларига ёрдам кўрсатяпти. Бошқа филиаллар ходимлари ҳам сафарбар этилган. Ёнғин бартараф этилгач, тегишли тергов-тафтиш ишлари ўтказилади, махсус гуруҳ тузилади. У ёнғин сабабли кўрилган талафот, зарарни батафсил ҳисоблайди.
1 июлдан ўрмон хўжалиги ходимлари маоши оширилади. Экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилда соҳани ривожлантириш учун 8 миллиард тенге ажратилган. Яна 4 миллиард тенге ёнғинларни эрта аниқлаш учун сарфланади. 2027 йилгача ўрмон хўжаликлари моддий-техник базаси тўла янгиланиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси