Дастурнинг дастлабки босқичи январь ойида иш бошлайди. Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек АҚШга қилинган амалий сафар давомида шу ҳақда маълум қилди. Бугунги кунда глобал таълим майдончасининг дастурлаш ва рақамлаштириш, математика, физика, маркетинг, бошқа 50 та устувор курси қозоқ ва рус тилларида берилган. Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳани ишга тушириш тўғрисидаги шартномалар Қозоғистон президентининг 2022 йил сентябридаги Нью-Йорк сафари давомида имзоланган. Стэнфорд университети профессорлари томонидан яратилган глобал онлайн-таълим майдончаси жаҳон бўйлаб 77 миллион талабани қамраб олган ва 275 та етакчи университет ҳамда компания билан муваффақиятли ҳамкорлик қиляпти. Келгуси уч йил давомида Курсэра орқали 100 минг нафардан зиёд қозоғистонлик талаба билим олиши кутилмоқда.
Саясат Нурбек, Қозоғистон Республикаси фан ва олий таълим вазири:
- Биринчи навбатда Қозоғистон минтақаларидаги университет талабалари глобал онлайн майдончадан фойдаланади. Тегишлича, биринчи босқичда 25 минг талаба Coursera майдончасининг энг кучли курсларида таҳсил олиши мумкин. Яъни талабаларимиз турли фанлар бўйича билимларини ошириш, қайсидир мавзуларни қўшимча таҳлил қилиш имконига эга бўлади.
Қозоғистонда академик хаб яратилади
Вазир таъкидлашича, Қозоғистон йирик академик хабга айланади. Республикада нуфузли Америка университетларининг филиаллари очилади, уларга хорижлик талабалар жалб этилади. Сэнт-Коллеж шаҳрида Саясат Нурбек Пенсильвания штати университетининг президенти билан учрашди. Томонлар университет бюджетидан қозоғистонлик талабалар учун бир ярим миллион доллар грант ажратиш тўғрисида келишиб олди. Қозоғистонликлар ядро технологиялари, қишлоқ хўжалиги, генетика, биотехнология ва ҳуқуқшунослик бўйича талабга эга касбларни эгаллайди.
Стив Барнес, Пенсильвания штати университети халқаро дастурлар раҳбари:
- Университетимизда, Пенсильвания штатида юзлаб қозоғистонлик ёшлар таълим олди, уларнинг баъзилари “Бўлашақ” дастури орқали келган. Энди биз Қозоғистон илмига инвестиция киритмоқчимиз. Қозоғистон талабаларининг билим базаси пухта. Ўқиш-ўрганиш, янги билимларни эгаллашга иштиёқи баланд.
Абдумалик Сарманов таржимаси