Йўллардаги иқлимни кўрсатувчи паспорт яратилади

Йўллардаги иқлимни кўрсатувчи паспорт яратилади

Республика Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги берган маълумотга кўра, унда онлайн тартибда трассалардаги иқлим вазияти тўғрисида ахборот базаси берилади. Мутахассислар фикрича, янги тузилма йўлларнинг деформацияланиши ҳамда путурдан кетиши, жумладан, магистралларда йўлларда уйдим-чуқур жойлар, ўпирилишлар юз бериши муаммосини ҳал этишга қаратилган. Йўлларни лойиҳалаштиришда улардаги иқлимга боғлиқ барча ўзига хосликларни ҳисобга олиш учун экспертларга сўнгги йилларнинг турли мавсумларида ҳарорат қандай бўлгани, тупроқ қанча чуқурликда музлаши, тупроқ намлиги, қўзғалувчанлиги ва бошқа маълумотлар зарур бўлади. Қозоғистон йўллари илмий-тадқиқот институти ҳозир йўллардаги намлик-иссиқлик ҳолатини мониторинг қилишга киришган. Барча вилоятларда жами 28 та иқлим ўлчов станциялари ўрнатилган. Улар ўнлаб датчикларга уланган. Институт мутахассислари мазкур ускуналар ёрдами ҳаво ҳарорати, намлиги, шунингдек, йўл конструкциялари қиялиги, унинг заминидаги намлик миқдорини кузатиб боради. Маълумотлар ҳар соатда онлайн тартибда тадқиқотчиларга етказиб берилади. Мутахассислар келажакда яна 15 та станцияни ишга тушириш ниятида. Келажакда паспорт ўрнида эса маълумотларни диалог шаклида берувчи электрон альбом яратилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси