Қозоғистон ва Италия ҳамкорлигининг янги босқичи бошланяпти

Қозоғистон ва Италия ҳамкорлигининг янги босқичи бошланяпти

Ақўрдада Италия Президенти Сержо Маттарелли тантанали кутиб олинди. У Астанага расмий ташриф билан келди. Делегация таништирилгач, фахрий қоровул бошлиғи рапорт берди ва икки давлат мадҳияси ижро этилди. Сўнгра президентлар ўртасида музокаралар ўтказилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Сержо Маттареллининг Қозоғистонга ташрифи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига катта туртки беради. Италия Президенти ҳам ўзаро алоқаларнинг муҳимлигини таъкидлади.

Юзма-юз суҳбатдан кейин Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Сержо Маттарелла икки давлат делегацияси иштирокида мулоқот қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Италия Қозоғистоннинг энг йирик учта савдо ҳамкорларидан бири. Иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланяпти, унинг ўсиши учун катта салоҳият мавжуд. Биз мамлакатингизнинг экспортни ошириш ниятини маъқуллаймиз. Сўнгги 20 йил ичида Италия мамлакатимиз иқтисодига 7,5 миллиард доллар сармоя киритди. Ўтган йили икки давлат ўзаро савдоси 20 миллиард долларни ташкил қилди. Қозоғистонда 250 тадан зиёд итальян компанияси фаол иш юритяпти.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йили икки давлат ўзаро савдоси 20 милиард долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг 8 ойида товар айланмаси 11 миллиард доллардан ошди. Ўта муҳим хомашё материаллари, нефть кимёси, машинасозлик, транспорт ва логистика, озиқ-оқат маҳсулотларини қайта ишлаш, сунъий идрок, туризм ва таълим — буларнинг ҳаммаси алоқаларни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишлари. «Марказий Осиё плюс» майдончаси, май ойида Астанада бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Италия» саммити мамлакат ва минтақанинг муваффақиятли ҳамкорлиги намунаси бўла олади.

Сержо Маттарелла, Италия Президенти:

– Ўтган йилги Римга ташрифингиз ўзаро алоқаларимизни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Уни мустаҳкамлаш учун пойдевор қўйди. Бундай қадамлар барча йўналишларда ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига олиб келди. Маданият соҳасида ҳам алоқалар кенгайиб боряпти. Италия Астанада Марказий Осиёдаги биринчи Маданият марказини очди. Пойтахт кўчаларининг бирига Марко Поло номи берилиши сизнинг ўзаро алоқаларни ривожлантиришга интилишингизни кўрсатади. Бунинг учун миннатдорман.

Томонлар таълим соҳасида ҳам ўзаро алоқаларни ривожлантиришда давом этади. Ҳозирнинг ўзида 4 минг нафардан зиёд қозоғистонлик талаба Италия олий таълим даргоҳларида ўқияпти. Бундан ташқари, жорий йилда Жетису университети базасида Марке Политехника университети филиали очилди. Яқинда Римда буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоевга ёдгорлик қўйилади. Неаполда эса шу номдаги опера саҳналаштириляпти. Келаси йили Италияда «Кўчманчилар олтини» экспозицияси намойиш қилинади. Бундай маданий-оқартув тадбирлари халқларни яқинлаштиришга хизмат қилади, дейди ишонч билан Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Бугун Давлат раҳбари Италия Президентини икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун I даражали «Дўстиқ» ордени билан мукофтлади. Ўз навбатида, Сержо Маттарелла Қосим-Жўмарт Тўқаевга Италиянинг олий мукофоти – «Италия Республикаси қошидаги хизматлари учун» орденини топширди.

Абдумалик Сарманов таржимаси