Иртишда кема қатнови ривожланади

Иртишда кема қатнови ривожланади

Янги ташкил қилинган Абай вилоятида Иртиш дарёси бўйлаб кема қатнови йўлга қўйилади. Маҳаллий ҳокимликда сув логистикаси рентабеллиги ва транзит-савдо айланмаси ҳажми ўрганиляпти. Иқтисодчи Асқат Дусембаев маълум қилишича, дарё бўйлаб йўловчи ва юк ташиш мумкин. Унинг фикрича, дарёдан самарали фойдаланиш натижасида 3 йирик шаҳар: Семей, Ўскемен ва Павлодар иқтисодиётига яхши туртки берилади. Таъкидлаш лозимки, Иртиш дарёси ҳавзасида 2 миллион қозоғистонлик, 5 миллион россиялик ва  25 миллион хитойлик фуқаро яшайди. 

Асқат Дўсембаев, иқтисодчи:

– Иртиш  уч давлат ҳудудидан оқиб ўтади. Хитойдан бошланган дарё Қозоғистон ва Россия орқали оқади. Нега энди бундан фойдаланмаслик зарур? Натижада, бир неча шаҳар жадал ривожлана бошлайди. Иш ўринлари очилади, иқтисодиёт ривожига кучли туртки берилади.

Шу кунларда Қозоғистонда 3 та кема таъмирловчи завод ишлаб турибди. Улардан бири Семейда. Корхона раҳбарияти иш ҳажмини кенгайтиришга тайёр. Буюртмалар бўлса бас.

Амир Ахметзянов, кема таъмирлаш заводи директор  ўринбосари:

- Биз буюртмаларни қабул қила оламиз, салоҳиятимизни кенгайтирамиз. Жаҳондаги сўнгги воқеалар натижасида транспорт хизмати энг муҳим, ҳатто стратегик вазифалар қаторига киргани сир эмас. Мен шундай деган бўлардим.

Вилоят ҳокимлиги маълум қилишича, қатор инвесторлар кема қатновини ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда. Лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр.  Фақат қачон Иртиш бўйлаб кемалар қатнай бошлаши маълум эмас.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.