Ихтирочи ўз транспортида юрт кезмоқда

Ихтирочи ўз транспортида юрт кезмоқда

Ўзи ясаган транспорт билан 3 минг километрли саёҳат. Оддий транспорт эмас, электромобиль. Ақтўбелик Владимир Силевич бунга эришди. Ихтирочи қуёш энергияси билан ишловчи транспорт воситалари танловига янги ясаган техникасини олиб келди. Қозоғистон ва Россиядан бўлган бир гуруҳ кашфиётчилар шундай автомобиллари билан Уралдан Алматигача саёҳат қилди. Кунига ўртача 150 километр йўл босилди, шимолдан жанубгача 3 ҳафтада етиб боришди.

Владимир Силевич, кашфиётчи:

- Уяли телефонимда махсус илова бор. Унга қараб аккумулятор қуввати қанча қолганини назорат қиламан. Масалан, батарея қанчалик бўшаб қолгани, қуёш панелларидан келаётган қувватни кўришим мумкин. Шунга кўра яна неча километр йўл босиш мумкинлиги ҳам кўриниб туради. 

Владимир Силевич аввалига двигатель намунасини ёғочдан ясаган. Кейин  бу макетга қараб, 2 ой давомида уч ғилдиракли транспортини йиғиб чиқди. Ҳозир электромобиль 200 километргача тўхтамай юра олади.

Владимир Силевич, кашфиётчи:

- Электр двигателни Хитойдан махсус топшириқ билан олдим. Бундай двигателлар ҳозир электрмотоцикллар, квадроциклларга ўрнатилади. Аккумулятор батареяси Санкт-Петербургдан келтирилган. Қуёш машинасининг олдинги ғилдираги «Жигули»ники, подшипниклари «Фольксваген»дан. Орқасида мотоцикл ғилдираги қўйилган. 

Ақтўбелик кашфиётчи келаси йил автопойгада қатнашмоқчи. Бунинг учун транспортини такомиллаштиради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.