Қозоғистон – имкониятлар мамлакати. Пойтахтда яшовчи Денис Риманов шундай ҳисоблайди. 18 йил Германияда яшагач, у юртига қайтишга қарор қилди. Боболари яшаётган хорижда Қозоғистон табиати ва меҳмондўстлиги етишмаётганини ҳис қилган. У ўз уйидек бўлиб қолган юртини соғинганини айтади. Республикага Денис қуруқ қўл билан келмади, ўзи билан ускуналар ва, энг муҳими, немис технологиялари олиб келди. Тадбиркор қисқа вақтда пойтахтда колбаса маҳсулотлари чиқаришни йўлга қўйиш ниятида.
Денис Риманов, Нур-Султон шаҳридан:
- Ҳаммаси таққослаганда маълум бўлади. Ҳаёт ундаги кичик қувончлар билан гўзал. Менга у ёқларда табиатимиз, маданиятимиз, таомларимиз етишмади. Ортга қайтишни истаётганимни ҳис қилдим. Қозоғистонда ривожланиш ҳар вақтдагидан илдам. Бозорда имкониятлар жуда кўплигини кўриб турибмиз. Энг яхши сифатга эга бўлган маҳаллий гўштни немис технологияси ва ускуналари билан уйғунлаштириш ажойиб ғоя. Келажакда маҳсулотни экспортга чиқара олишга заррача шубҳа қилмайман.
Денис ва рафиқаси Мария 4 ой аввал Қозоғистонда доимий яшаш учун ҳужжат топширди. Улар келажагини шу юрт билан боғлаш ниятида. Аёл бу ерда яшаётганига кўп бўлмаса-да, пойтахт ҳаётига кўника бошлаганини айтди. Қозоғистонликлар янги ватандошни илиқ кутиб олди.
Катарина Мария Мюллер, Нур-Султон шаҳридан:
- Бу ерда ўзимни бегона ҳис қилмайман. Бунга бу юртдаги меҳмондўст ва бағрикенг инсонлар сабаб, деб ўйлайман. Улар ҳар қандай вазиятда тортинмай ёрдам қўлини чўзади. Катталарни ва аёлларни эъзозлашади. Осиё ва Европа маданиятлари чорраҳасида турганимни ҳис қиламан. Миллий таомларингиз туфайли тилни ҳам ўрганиб олдим. Кенг дашт, қуёшли кунлар, чиройли табиат – Қозоғистонда буларнинг ҳаммаси бор. Нур-Султон шаҳри менга бир қарашда ёқиб қолди, у чиройли ва замонавий услубда қурилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.