Франкофон киноҳафталиги доирасида Қозоғистонда 20 та ажойиб фильм француз тилида намойиш қилинади. Тадбир 2-10 апрель кунлари республиканинг 6 та шаҳрида бўлиб ўтади. «Франкофон баҳори» анъанавий мавсуми очилишида ушбу кинофестивалдан ташқари турли шаҳарларда бир ой давомида ҳар хил концерт ва кўргазмалар, анжуманлар, маданият арбоблари билан учрашувлар ташкил этилади. Марказий Осиёнинг беш мамлакатида француз тили олимпиадалари бўлиб ўтаади, хоҳловчилар бу беллашувларда бепул қатнашиши мумкин. Таъкидлаш лозимки, «Франкофон баҳори-2022» фестивалини ташкил этишда қатор давлатлар – Франция, Бельгия, Миср, Канада, Ливан, Марокаш, Руминия ва Швейцария элчихоналари иштирок этади.
Дидье Канесс, Франциянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Фестиваль Нур-Султон, Алмати, Чимкент, Қарағанди, Ўскемен ва Қўстанайда бўлиб ўтади. Мақсадимиз – француз тили ва франкофон маданиятлар турли-туманлигини кўрсатиш. Биз ранго-ранг ва томошабинлар учун қизиқарли дастур ташкил қилдик. Улкан оилага айланган франкофония жилваларини намойиш этиш ниятидамиз. Бугунги кунда дунёда 321 миллион одам француз тилида гаплашади, бу эса жаҳонда 5-ўрин дегани. Мазкур рақам йил сайин ўсиб бормоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси