Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди раҳбарлигидаги делегация Германия молия ва банк давралари вакиллари билан учрашди. Жаҳоннинг энг йирик биржаларидан бирида бўлиб ўтган музокараларда томонлар биринчи навбатда банк ва биржа соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалсини муҳокама қилди. Шунингдек, Германиянинг энг йирик банклари, етакчи инвесторлар, концерн соҳиблари, шунингдек, молия экспертлари ва аналитиклар Қозоғистонда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишди. Астана халқаро молиявий маркази фаолияти ҳам эътибор марказида бўлди.
Қайрат Келимбетов, Астана халқаро молиявий маркази бошқарувчиси:
- Келгуси йил учун бизда лойиҳа ва режалар кўп. Франкфурт биз учун муҳим жой. Бу ерда бир қатор корхоналарни МДҲдаги баъзи давлатлардан Қозоғистонга кўчириш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириш, декарбонлаш вазифалари қўйилди. Немис молия ташкилотлари бундан манфаатдор. Келгуси йилда немис банклари, шунингдек, Hermes каби ташкилотларнинг Қозоғистонда фаол ишлай бошлашини, узоқ муддатли лойиҳаларни молиялаштиришга киришишини кутяпмиз.
Клаус Мангольд, молиявий эксперт:
- Ҳозир имкониятлар даври келди. Жаҳон ўзгаряпти, кўплар янги манзилларни кўзлаяпти ва Қозоғистонда улкан салоҳият борлигини кўряпти. Музокаралар жуда самарали ўтди. Асосан, молиявий бозорларга эътибор қаратилди. Биз "Астана" молиявий маркази ва Германиянинг йирик молия маркази ўртасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўрдик. Халқаро ҳамкорлик кенгайиб болрмоқда. Бу майдонча бутун Марказий Осиё учун ишлай олади.
Қозоғистон делегацияси немис инвесторлари, банкирлари ва тадбиркорларини бизнес-форумга чақирди. Бу тадбир июнь ойида Астанада ўтказилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси