Ўзбекистоннинг Тошлоқ
туманида янги IT-шаҳарча иш
бошлади. Марказ замонавий инфратузилмалар билан жиҳозланган, бу ерда ахборот технологиялари
соҳасида мутахассислар тайёрланади. Мажмуада бир ярим мингта ёш йигит-қизлар ўта
муҳим касблар - дастурлаш,
сунъий интеллект, киберхавфсизлик, робот техникаси, шунингдек, чет тиллар бўйича
билим олади. Таъкидлаш лозимки, лойиҳа қиймати 400 минг доллар, ишланмаларни
қўллаб-қувватловчи «START-UP GARAGE» ҳудудини яратиш учун қўшимча маблағ
ажратилган.
Анваржон Ўктамов,ўқитувчи:
– Ҳозир болаларга икки ойлик компьютер
саводхонлиги курслари ўқитиляпти. Шундан кейин дастурлаш асосларига ўтамиз.
Икки ойлик курсдан кейин робот техникаси, ўйин, веб-сайт ва мобиль иловалар
бўйича ўзига ёққан йўналишда олти ойлик курс шакллантирамиз. Олти ойлик курс
битганидан сўнг икки ойлик йиғинда қатнашади. Реал лойиҳаларда ишлайди. Шундан
кейин юқори даромадларга эришиши мумкин.
Ёшлар билим олиш билан бирга коворкинг-зонада
ўзаро тажриба алмашади. Бу
ердаги жараёнлар имкон қадар қулай шаклда ташкил этилган.
Интизор
Ботирова, курс талабаси:
– Мен ва тенгдошларим фриланс шаклида ишлаб туриб ойига 500 доллардан даромад қилишимиз
мумкин. Ҳаммаси лойиҳа ҳажмига ва олинадиган лойиҳага боғлиқ. Фриланснинг
асосий афзалликларидан бири - у сизга эркинликни тақдим қилади, мен фрилансни
шунинг учун танлаганман. Фақат компьютер ва интернетга уланган ҳолда хоҳлаган
жойида даромад қилишга ёрдам беради.
Фарғона вилоятида 2024 йилда ахборот хизматлари ҳажми 46 миллион долларни ташкил қилди.
IT-парки резидентлари сони 106 нафарга етди, 24 та компания ахборот-технологиялари экспорти билан шуғулланяпти. Айни вақтда,
«Бир миллион дастурчи»
лойиҳаси доирасида салкам 28 минг нафар йигит-қиз таълим
олди. Янги IT-шаҳарча очилиши ушбу кўрсаткичлар янада
ошишига олиб келади, дейди экспертлар. Шу каби мажмуалар
Ўзбекистоннинг бошқа туман-шаҳарларида ҳам очилиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

