20 мингдан зиёдроқ турли орден-медаллар. Қаирбек Рамазановга тегишли хусусий коллекция шулардан иборат. Ҳамюртимиз фалеристика билан шуғуллана бошлаганига 50 йилдан ошди, у нодир кўкрак нишонларини йиғади. Коллекционер жамғармасида, айтиш керакки, қимматли тарихий экспонатлар анчагина.
Қаирбек Рамазанов, фалерист, коллекционер:
- Айни пайтда менда жуда кўп кўкрак нишонлари мавжуд, улардан 80 фоизини бошқа коллекционерлардан сотиб олганман ёки алмаштирганман. Қолганларини саёҳатчилардан харид қилганман. Совет Иттифоқи даврида бизникига кўп одам келарди, хусусан, амалий сафар билан Шарқдан, Ғарбдан, Кавказ, Сибирь ва Болтиқбўйидан.
Қозоғистонлик коллекционерга кўпинча экспонатларини сотиш ё алмаштиришни таклиф қилишади. Бироқ у жамғармасини музей ихтиёрига беришга қарор қилди. Шунда у билан хоҳлаган киши танишиши, кўпроқ билиб олиши мумкин бўлади. Чунки Қаирбек Рамазановга тегишли коллекциядан жой олган экспонатлар чин маънода тарихга назар солиш имконини беради. Улар орасида нафақат ҳарбий мукофотлар, балки маданият, спорт, тиббиёт, партия, космос ва бошқа соҳаларга доир нишонлар ҳам мавжуд. Фалерист мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган махсус кўргазма ташкил қилишни режалаштирган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси