Мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтган Евроосиё Ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ЕОИИга аъзо давлатлар орасида ўзаро савдони кенгайтиришга доир 15 та масала кўтарилди. Йиғилганлар Иттифоқ ички бозоридаги тўсиқларни бартараф этиш, иқтисодиётнинг алоҳида соҳаларида интеграциявий салоҳиятга таъсир ўтказиш ҳақида сўз юритди. Муҳокама қилинган муҳим масалалардан яна бири - товарларни кузатиб бориш механизми, шунингдек, хорижий ҳамкорлар учун очиқ давлат харидлари тўғрисидаги келишувни амалга оширишдир. Ҳаммаси оддий бўлмоғи лозим: божхона назоратидан бошлаб, санитария, ветеринария ва бошқа асоссиз чекловларга қадар, дейди учрашув иштирокчилари. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов айтишича, транспорт инфратузилмаси, хусусан, денгиз портларига киришда тенглик яратилиши керак.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Ўзаро савдони оширишдаги асосий шарт ички бозорда тўсиқларсиз муҳит яратишдир. Таъкидлашга мажбурманки, йилдан йилга шериклар бозорига киришдаги чекловлар билан боғлиқ масалаларнинг аксари ўз ечимини топмаяпти. Агар ЕОИИда шаффоф бозор яратишни истасак, асосий силжишларга йўл очишимиз керак. Комиссияга қўлланаётган тўсиқларни иқтисодий баҳолаш методикасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Истиқболдаги вазифа - экспортни ошириш ва уни рағбатлантириш бўйича чоралар кўришдир.
Айтиш жоиз, Иттифоқ давлатларининг ҳукумат раҳбарлари «Евроосиё агроэкспресс»ини тасдиқлади. Гап жадаллаштирилган темир йўл ва мультимодал юк ташувини йўлга қўйиш ҳақида бормоқда. Асосий вазифа - ўзаро жўнатмалар ҳамда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш. Дарвоқе, Иттифоқ ташқарисига мунтазам жўнатмаларнинг илк босқичи икки йўналиш – Хитой ва Ўзбекистонга бўлади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси