Жорий йилда абитуриентлар икки марта тест топшириш ва улар орасида яхшироқ натижа билан грант танловида қатнашиш имкониятига эга. Тест олиш форматида ўзгариш йўқ. Фанлар сони ҳам аввалгидек – 3 та мажбурий ва 2 та танловга кўра, жами 120 та тест топшириғи берилади. Лекин «Қозоғистон тарихи» ва «Ўқув саводхонлиги» фанлари бўйича тест топшириқлари сони ўзгарган. Максимал балл – 140. Тест 4 соат давом этади. Алоҳида эҳтиёжга молик болалар учун қўшимча 40 дақиқа берилади.
Руслан Емелбаев, тестлаш миллий маркази директори:
- Жорий йилнинг асосий янгилик – ЯМТ профиль фанлар комбинациялари рўйхатига «Информатика» фани ҳам киритилган. «Информатика ўқитувчиларини тайёрлаш», «Ахборот технологиялари», «Ахборот хавфсизлиги» таълим дастурлари гуруҳлари бўйича таълим олишни истаганлар «Математика-Информатика» комбинацияси бўйича ЯМТ топширади. Абитуриентларнинг 10 фоизи шу гуруҳни афзал кўрган.
Саясат Нурбек, Қозоғистон Республикаси фан ва олий таълим вазири:
- Икки ҳафта илгари Лондонда бўлдим ва жаҳон миқёсида қўлланиладиган тест ишлаб чиққан компания билан алоҳида шартнома туздик. Мукаммаллик сифатида биз тестда ниманидир ёдлаб олиш, бирорта факт ва воқеаларни, рақамларни ёд олгани учун эмас, абитуриент саводхонлиги, чуқур тушунишига кўра баҳолашга етиб бориш ниятидамиз. Ўқувчи уни топшира олса, сертификатга эга бўлади, ўқишга киради.
ЯМТ 5 июлгача давом этади. Жорий йилда 166 минг нафар абитуриент имтиҳон топширади. Уларнинг 75 фоизи давлат тилини, 25 фоизи рус тилини, 243 нафари инглиз тилини танлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси