Ревакцинация зиддитаначалар узоқроқ муддат мавжуд бўлишини таъминлайди, улар сифатини оширади. Яъни, коронавирусга қарши бустер доза олганлар хавфли касалликка қарши кўпроқ ҳимояланган бўлади. Каналимизга берган интервьюсида Дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар экспертизаси миллий маркази эксперти Павел Дерябин шундай фикр билдирди. Унинг айтишича, қайта вакцина олишдан қочмаслик керак. Махсус зиддитаначаларнинг тегишли антигенлар билан алоқаси қанчалик мустаҳкам бўлса – вирусни йўқ қилиш шунча осон кечади. Бу эса ўз навбатида касалликни симптомларсиз ёки енгил шаклда ўтказиш имконини беради, дейди вирусологлар. Экспертлар тавсиясига кўра, COVID-19га қарши тадбирларни унутмаслик лозим.
Павел Дерябин, Дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар экспертизаси миллий маркази эксперти:
- Биринчидан, албатта вакцина олиш керак, вақти келганда эса ревакцинация қилинг. Иккинчидан, санитария меъёрларига риоя этинг, ниқоб тақинг, айниқса, кўпчилик тўпланган жойларда, жамоат транспортида, одамлар яқин мулоқотда бўладиган бошқа жойларда бу шарт. 1,5 метрлик масофа сақланиши зарур. Ҳатто учинчи марта вакцина олгандан кейин ҳам мен тилга олган ушбу қоидаларга қатъиян риоя этиш зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси