Туркий давлатлар ташкилоти минтақада изчиллик билан янги ўсиш нуқталарини шакллантиряпти, савдо-иқтисодий, транспорт ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиряпти. Ўрта йўлакда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжуд. Ташкилотга аъзо давлатлар ва Қора денгизнинг Туркияга тегишли қисмидан ўтувчи йўналиш Хитойдан Европага юкларни тез ва таҳликасиз етказиб беришни таъминлайди, бунда етказиб бериш вақти бошқа йўналишларга нисбатан қисқа.
Куршад Зўрлу, Туркия Адолат ва тараққиёт партияси (Ak Parti) раиси:
- Қозоғистон Осиёдаги Ўрта йўлакнинг асосий транзит нуқтасида жойлашган, Туркия эса бу йўналишдан Европага олиб чиқувчи ягона дарвоза ҳисобланади. Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиши ортидан Ўрта йўлак салоҳияти ҳам кенгаяди, бу Евроосиёнинг савдо-логистика тизими ва иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Туркистондаги норасмий саммити мавзуси сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ривожлантиришга қаратилди. Мажилис депутати Айгул Қуспаннинг фикрича, бу амалий технологик интеграция, умумий IT-хаблар яратиш, киберхавфсизликни таъминлаш йўлини акс эттиради. Айгул Қуспан Қозоғистоннинг рақамли технологияларни ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси, хусусан, қабул қилинган ва амалда бўлган Сунъий интеллект тўғрисидаги қонун ва Рақамлаштириш кодекси ташкилотга аъзо давлатлар учун қўлланма бўлиши мумкинлигини, таъкидлади. Шу билан бирга, ТДТ доирасидаги шериклик кун тартиби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.
Айгуль Қуспан, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Инвестициялар – жуда муҳим мавзу. Бир-биримизнинг иқтисодиётимизга сармоя киритишимиз, сармоя ишлаши учун жуда қулай шароитлар яратилиши аҳамиятли. Ўтган йили Қозоғистон Парламенти Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида битимни ратификация қилди. Ҳозир бу ташкилотда 600 миллион доллар маблағ жамғарилган. Улар аниқ инвестициявий, инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

