Эндиликда давлат хизматлари хорижда ҳам онлайн шаклда очиқ. Чет элда бўлган қозоғистонликлар е-гов порталидаги 5 та янги хизматдан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда аҳоли олдидаги ҳисоб учрашувида Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин маълум қилди. Дунёнинг 23 давлатидаги юртдошларимиз никоҳ тузилгани ёки бузилгани, туғилганликни ёки ўлимни қайд эттириш, исм-фамилия, ота исмини ўзгартириш учун ариза бериши мумкин.
Яқин вақтда давлатлар рўйхати кенгайтирилади. Жорий этилган янгиликлар хорижлик фуқароларга ҳам тегишли, энди улар Қозоғистонга келмай туриб ҳам ўз бизнесини очиши мумкин.
Бағдат Мусин, Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Чет эллик фуқаролар хориждаги элчихонамизга бориши ва тегишли ҳужжатларни топшириб, СТИР олиши, кейин эса электрон имзога эга бўлиши мумкин. Рақамли имзо воситасида Қозоғистонга келмай туриб, бизнес ташкил этса бўлади. Шу тарзда, бизда инвестициявий иқлимни яхшилаш учун қулай шарт-шароит яратилади.
«eGov Mobile» иловасида 15 турдаги рақамли ҳужжат амалда. Айни пайтда бу хизматни иккинчи даражали банклар билан интеграциялаш устида иш кетяпти. Бу эса молиявий муассасалар хизматларидан уйдан чиқмасдан туриб, мобиль иловалар ёрдамида фойдаланишга замин ҳозирлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси