Дин муаммо эмас, муаммонинг ечими

Дин муаммо эмас, муаммонинг ечими

Дин жамиятнинг муаммоси эмас, муаммолар ечими. Жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчилари съезди котибиятининг ХХ йиғилишидан кейин иштирокчилар шундай фикрларни ўртага ташлади. Уларнинг фикрича, дин етакчилари жаҳондаги муаммоларни яхши билади ва уларни ҳал этишга кўмак бера олади. Етакчилар пандемиядан кейинги дастлабки йирик анжуман ижобий натижа беришига ишонч билдирди.

Димитрий Сафонов, Руҳоний, рус Православ Черкови Динлараро муносабатлар бўйича Москва патриархати ташқи алоқалар бўлими котиби:

–  Биз кўплаб муҳим масалаларни муҳокама этдик. Фикримча, барча муаммоларни ўз ичига олган декларация қабул қилинди. Бу эса дунёнинг нуфузли дин, маънавият етакчилари биргаликда ўз фикрини изҳор эта олди, дегани. Зеро, коронавирус пандемияси оқибатида кучайиб кетган экстремизм, қонли тўқнашувлар, ижтимоий нотенглик, қашшоқлик, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби муаммолар мавжуд.  Биз мавжуд дунёнинг асосий офатларини тилга олдик. Дин етакчилари иштирокисиз уларни бартараф этишнинг имкони йўқ. Чунки улар ортидан эрганшганларга ҳамиша тўғри йўл кўрсата олиши ҳеч кимга сир эмас. 

Жо Бейли Уэллс, англикан черкови махсус вакили, доркинг епископи:

- Бу ерда муҳокама қилинган мавзуларнинг ҳар бир муҳим. Барчамизнинг фикримиз бир ердан чиқиши, балки баъзи зиддиятлар бўлар, биз уларни муҳокама қиламиз. Динимиз бир, тутган йўлимиз фарқли бўлса ҳам  биргаликда тўғри йўлни белгилаб олишга интилаяпмиз. Энг муҳими, муродимиз – бирлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик.

Сон Чжин, «Чогие»  будда ордени аъзоси:

– Биринчидан, маълум бир дин йўналиши раҳбари сифатида бундай улкан анжуманда қатнашиш мен учун жуда муҳим. Барчамизнинг ягона даврада йиғила олганимиз мени мамнун қилди. Ушбу йиғилиш бирдамлик, дўстлик нишонаси, дея оламиз. Турли мавзулар кўтарилди. Тенлик, аёллар ҳуқуқлари, ижтимоий муаммолар. Анжуманнинг бир қисми бўла олганимдан мамнунман.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси