Давлат раҳбари UAE SWAT Challenge-2026 халқаро турнири ғолибларини мукофотлади

Давлат раҳбари UAE SWAT Challenge-2026 халқаро турнири ғолибларини мукофотлади

Ақўрдада UAE SWAT Challenge-2026 турнирида ғалаба қозонган жамоалар мукофотланди. Қосим-Жўмарт Тўқаев уларнинг дунё аҳлига қозоқ халқининг матонати, эгилмас руҳиятини намойиш этгани, мамлакат шарафини ҳимоя қилганини таъкидлади. Эслатамиз, 48 давлатнинг 109 та жамоаси қатнашган беллашувларда мамлакатимиз ҳарбийлари ўта юқори натижа кўрсатди. Иккита жамоамиз турнирнинг олтин ва кумуш медалига сазовор бўлди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Давлат қуролли куч ишлатувчи блокни мажмуавий модернизациялашга, технологик қайта қуроллантиришга катта куч сарфлаяпти. Беллашувлардаги сизнинг муваффақиятингиз – Қозоғистон ҳарбий хизматининг тизимли ривожланганини кўрсатади. Ватанга қилган хизматларингиз, қасамёдга садоқатингиз Қозоғистоннинг мудофаа қудратини кучайтиради.


Давлат раҳбари «Тўмарис» аёллар жамоасининг ҳам ютуқларини тилга олди. Қозоғистонликлар турнирнинг энг кучли аёллар жамоаси бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, махсус хизмат ходимлари ва аскарлар ҳамиша интизом намунаси бўлиши, профессионаллик, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий ҳаракатларга тайёр туриши зарур. Президент мамлакат тарихий ўзгаришлар қаршисида турганини эслатди. 15 март куни умумхалқ референдумида Қозоғистон халқа янги Конституция юзасидан ўз фикрини билдиради.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Асосий қонун лойиҳасида суверенитет ва давлатчиликни мустаҳкамловчи ўзгармас маънавий, ҳуқуқий қадриятлар ўз аксини топган. Қозоғистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитет, мустақиллик, шунингдек, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадриятлар сифатида кўрсатилган. Масъулиятли ва яратувчан ватанпарварлик тасдиқланган. Адолатли Қозоғистон ғояси, «Қонун ва Тартиб» тамойили янги Конституция лойиҳасида ўрнини топган. Уларни ҳаётга табиқ этиш барчамизнинг бурчимиз.


Президент Фармонига кўра, беллашувлардан ғалаба билан қайтган бир гуруҳ зобит ва ҳарбий хизматчилар ІІ  даражали «Айбин» ордени, «Жанговар мардлиги учун» медали ва Қозоғистон Президенти ташаккурномаси билан мукофотланди.


Абдумалик Сарманов таржимаси