Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Судьялари ІХ съездида нутқ сўзлади. Анжуманда мамлакатнинг барча минтақаларидан судьялар, марказий ва маҳаллий давлат органлари вакиллари ва хорижлик экспертлар қатнашди. Давлат раҳбари судлар фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ вазифаларга эътибор қаратди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, қонун устуворлигига эришишда қарорлар юзасидан кассация тартибида шикоят қилиш имконияти яратилиши муҳим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Июль ойида жиноий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича алоҳида-алоҳида кассация суди ташкил қилишни кўзда тутувчи қонунни имзоладим. Улар келаси йилнинг 1 июлидан иш бошлайди. Ҳозир эса тегишли тайёргарлик ишларини олиб бориш лозим. Кассация судлари кадр таркиби тажрибали судьялардан шакллантирилиши лозим. Кассация судларининг мустақиллиги одил судлов учун катта имкониятлар очиб беради, инвестиция жалб этиш, бизнес юритишни осонлаштиради.
Яна бир устуворлик – соҳани рақамлаштиришда давом этиш керак. Бу эса суд жараёнларининг имкон қадар шаффоф бўлишини, фуқароларнинг жараёнларда қатнашишини енгиллатади. Президент илғор технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. Масофадан судлаш, жараёнларнинг онлайн намойиш этилиши қулайлигини исботлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Жорий йилда суд жараёни илк бор онлайн намойиш этила бошлади. Ҳозирча иккита суд жараёни ушбу шаклда, миллионлаб фуқаролар нигоҳи остида очиқ шаклда ўтказилди. Натижада, халқнинг суд тизимига ишончи орта бошлади, дейиш мумкин. Бу - авваллари умуман бўлмаган янги усул. Энди судьялар ва қораловчиларга қўйиладиган талаблар ортади. Суд иштирокчилари очиқ суд ҳудудида ўз фикрларини эркин айта олади. Барча суд мажлисларида ана шундай юқори стандартга риоя этилиши керак.
Ўз нутқининг ниҳоясида Давлат раҳбари судьяларнинг янги Этика кодекси қабул қилиниши лозимлигини маъқуллади. Бу ҳужжат суд ишига юқори стандартларни киритади ва суд тизимига ишончни орттиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.