Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Республика кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади

Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Республика кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади

Республика куни арафасида Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларни миллий байрам билан табриклади. Президент таъкидлашича, мамлакатимиз жорий йилда Давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 35 йиллигини нишонлайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, ўтган ўн йил давомида Қозоғистонни дунё ҳамжамияти тан олди, давлатчилик асосларини яратди, чегараларини расмийлаштирди ва бирлигини мустаҳкамлади. Сўнгги йилларда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қатор қадамлар қўйилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Қозоғистон янгиланиш йўлидан боряпти. Умуммиллий референдум асосида Конституцияга ўзгаришлар киритилди. Парламент ваколатлари кенгайтирилди, Ҳукумат масъулияти оширилди. Конституциявий суд таъсис этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли шахс ташкилоти конституциявий мақом олди. Июль ойидан кассация судлари ишлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси жамиятда адолатни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлар бўлди.


Самарали сиёсий ислоҳотлар оқибатида чуқур трансформация бошланди. Мамлакат иқтисодиёти жадал ривожлана бошлаган. Транспорт соҳаси ривожланяпти. Жорий йилда 13 минг километр йўл қурилди ва таъмирланди, “Дўстиқ-Мўйинти” темирйўли иккинчи линияси ишга тушди. Йил бошидан буён қайта ишлаш саноати ўсиши 7,5 фоизни ташкил қилди. Иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнес улуши 40 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,5 марта ошди. Фақат ўтган йилнинг ўзида 19 миллион квадрат метр уй-жой қурилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Қозоғистон минтақадаги энг йирик иқтисодиётга эга. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ялпи ички маҳсулот ҳажми 47 фоизга ошди ва 14 минг 400 долларга етди. Бу эса МДҲ мамлакатлари ичидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Қозоғистоннинг олтин ва валюта захиралари 58 миллиард доллар. Етти йил ичида ташқи савдо айланмаси 83 фоизга ўсди ҳамда 142 миллиард долларни ташкил қилди.


Навбатдаги стратегик вазифа уч йил ичида Қозоғистонни тўлақонли рақамли давлатга айлантириш. Сунъий идрок ва рақамли воситалар тараққиётга хизмат қилиши керак, дея таъкидлади Президент. Давлат раҳбари ислоҳотлар зарурлигини тилга олди. Режалаштирилаётган ўзгаришлар Парламентни кучайтиради. Конституцияга киритилган янгиликлар Парламент ва Президент, Ҳукумат тўғрисидаги бўлимларга ҳам таъсирини кўрсатади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, бир палатали Парламент фақат партия рўйхатлари бўйича сайланиши партияларнинг ташкилий тузилмаларини мустаҳкамлайди, уларнинг аҳоли билан ишлашига ёрдам беради. Маҳаллий органлар, маслиҳатларда эса мажоритар тизим сақлаб қолиниши лозим. Тантанали тадбир ниҳоясида Президент қатор қозоғистонликларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини таъкидлади ва мукофотлар топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси