Қозоғистон IT-компанияси «Innovation&Excellence Awards» халқаро новаторлар танловида бир йўла икки ўринга сазовор бўлди. Финалда мутахассисларимиз жамоаси Буюк Британия давлат харидлари хизмати ва энергетик секторда дунё етакчиси вакилларини ортда қолдирди. Қозоғистон лойиҳаси давлат харидларининг режалаштиришдан тортиб, тўловгача бўлган барча босқичларида хавф кўрсаткичларини аниқлашга қаратилган.
ВИТАЛИЙ ТРЕНКЕНШУ, КОМПАНИЯ АСОСЧИСИ:
- Лойиҳамиз давлат харидларида иқтисодий коррупция хатарини аниқлашга йўналтирилган. Буюртмачи асоссиз равишда рақобатни чеклаб, етказувчи маҳсулотини тендерларсиз, оширилган нархда сотиб олишга уриниши мумкин. Биз шундай ҳолатларни аниқлаймиз, ўрганамиз ва текширув ўтказиши учун аудиторларга етказамиз.
Айтиш керакки, компания ҳозирда мамлакат Бош прокуратураси, «Атамекен» тадбиркорлар миллий палатаси, Молия вазирлиги давлат ички аудити қўмитаси, Қозоғистон Республикаси молиявий мониторинг агентлиги, шунингдек, бизнес ва квазидавлат сектори билан ишламоқда.
Виталий Тренкеншу, компания асосчиси:
- Биз давлат харидларида маблағларни тежашда кўмаклашамиз. Айни дамда, давлат ҳисобига бир неча миллиард тежалди.
Қозоғистонда давлат харидларининг барча босқичларида шаффофлик юқори даражада таъминланиши лозим. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бир неча марта айтиб ўтган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишни истардим: биринчидан, бу, албатта, давлат харидлари шаффофлиги. Мен бу ҳақда учинчи йили айтишим. Ҳозирча бунда жиддий натижага эришилмади.
Олдинда - янги ҳамкорлик уфқлари. Новаторлар эришилган маррада тўхтаб қолмоқчи эмас, бу тизимни қўшни давлатларда ҳам жорий этиш ниятида. Айни пайтда Озарбайжон вазирликлари ва Молдова ҳисоб палатаси билан музокаралар олиб борилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси