Мамлакатимиз шифокорлари Чимкентда юрак кўчириш амалиётини ўтказди. Илгари
бу муҳим органни кўчириш фақат Астанада амалга оширилган. Мамлакатда ишлаб
чиқилган ўзига хос технология салкам 8 йилдан буён юрак хасталигидан азият
чекаётган беморга янги юрак ўрнатиш имкониятини тақдим этди. Жарроҳлар таъкидлашича, бемор
охирги босқични бошидан ўтказаётган эди.
ДАРХАН СУЙГЕНБАЕВ, «ЧИМКЕНТ ЮРАК МАРКАЗИ» НОТИЖОРАТ ҲИССАДОРЛИК ЖАМИЯТИ БОШҚАРУВ
РАИСИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:
– Бемор аҳволини ўрта даражада оғир, деб баҳолаш мумкин. Ақли-ҳуши жойида.
Қон босими, юрак уриши барқарор. Фаол. Ўз палатаси ичида юряпти. Қачон уйга рухсат берилади
… яна бир ҳафта, балки 10 кун клиникада даволанади, деб ўйлайман.
Режага кўра, унинг чап юрак қоринчасига ёрдамчи механик восита ўрнатилиши
лозим эди. Лекин муносиб донор топилди. Қўстанайдан учинчи мегаполисга донор аъзоси
келтирилди. Астанадаги университет тиббиёт марказининг кардиохирургия клиникаси
шифокорлари етиб келди. Жарроҳларнинг иккинчи гуруҳи Чимкентда беморни
амалиётга ҳозирлай бошлади. Таъкидлаш
лозимки, тажрибали кардиохирурглар трансплантацияга бир неча йил тайёрланган.
Ўзига хос бу усул Алматида ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
ЮРИЙ ПЯ, UMC БОШҚАРУВИ РАИСИ:
- Бу вилоятдаги биринчи қўшма трансплантация. Бугунги кунгача фақат Астанадаги миллий кардиохирургия марказида трансплантация амалга оширилган. Энг муҳими шундаки, амалиёт марказнинг ўзида ишлаб чиқилган технология асосида қилинди. Бу мамлакатимизда ўйлаб топилган усул, тенги йўқ, дея оламан. Амалиётнинг муваффақиятли ўтиши биз учун фахр бағишлайди.
Қозоғистонда биринчи марта юрак кўчириш амалиёти 11 йил аввал амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида 90 дан зиёд беморга иккинчи ҳаёт бағишланди. Ҳозир 150 нафар қозоғистонлик, шу жумладан, етти нафар бола амалиёт учун навбатда турибди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси