Қозоғистонда «Франкофония баҳори» бошланди

Қозоғистонда «Франкофония баҳори» бошланди

Қозоғистонда «Франкофония баҳори» бошланди. Мазкур тадбир мамлакатимизда 16-марта ташкил қилинди. У одатда 15 апрелгача давом этади.  Тадбир доирасида француз киноси, турли концертлар, конференциялар, ижодий учрашувлар, кўргазма ва танловлар ташкил қилинади. Маданий тадбирлар Қозоғистоннинг Алмати, Астана, Чимкент, Атирау, Қарағанди, Ўскемен ва Қўстанай шаҳарларида ўтади. Анжуманларни Бельгия, Канада, Франция, Литва, Марокаш, Руминия, Сербия, Арманистон ва Швейцария элчихоналари биргаликда ташкил қиляпти. Мазкур француз тилини тарғиб қилишга мўлжалланган тадбирлар мажмуаси 90 давлатни қамраб олади. Қозоғистонда 11 минг нафар талаба француз тилини ўрганяпти. Дунёга машҳур ушбу тилни билганлар тобора кўпайиб боряпти. Қатор мактабларда француз тили ўқитилади. Давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувга кўра, Астана ва Алматида яна иккита таълим даргоҳи очилиши мўлжалланган.  

Сильван Гиоге, Франциянинг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Қозоғистон – катта мамлакат, унда франкофон ҳамжамиятга қизиқиш катталиги маълум. Шу сабабли биз имкон қадар кўпроқ шаҳарларга етиб боришга интиламиз. Жорий йилда Қозоғистоннинг 7 та шаҳрида турли тадбирлар ўтказамиз. Келаси йили эса улардан бошқа шаҳарларга бориш умидидамиз. Ушбу мақсадда 9 та элчихона биргаликда фаолият юритяпмиз, дастуримизни кенгайтиришдан мамнуният ҳис қиламиз.

Владимир Йовичич, Сербиянинг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Мен Қозоғистонда, Астанада ўтаётган франкофон ҳамжамиятнинг тадбирида илк марта қатнашяпман. Сербияда франкофония ойи анъанавий тарзда ташкил қилинади. Қозоғистонда эса биринчи марта бизни таклиф қилишди. Ушбу тадбирлар яхши анъанага айланишига ишончим комил. Йил сайин франкофония дунёси доирасида турли тадбирлар ва ташаббуслар сони ортиб боришига умид қиламан.

Абдумалик Сарманов таржимаси