Бурабай курорт зонасида СИ технологиялари фаол жорий этиляпти

Бурабай курорт зонасида СИ технологиялари фаол жорий этиляпти

Бурабай курорт ҳудудида AI-ечимларидан фойдаланилади. Сунъий интеллект онлайн тартибда воқеаларни таҳлил қилади, кузатув камералари орқали сервис хизматини яхшилайди. «Ақлли» камералар туман полиция бўлимининг жадал фаолият марказига етказилади. Тизим Бош Прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги базалари билан интеграцияланган. Натижада, туристлар хавфсизлигини таъминлаш даражаси ортади.

Мерей Рамазанов, Ақмўла вилояти Бурабай тумани ҳокимининг ўринбосари:

- Биринчи навбатда тизим йўқолган одамларни топишда қўл келади. Уларнинг юз кўриниши, ёши, жинси, ташқи кийимлари бўйича маълумотларни умумий тизимга киритамиз. Шу асосда ақлли технология автомат тарзда у бўлган жойларни аниқлашга киришади. 

Йил бошидан буён Қозоғистон жавоҳири - Бурабайга миллион нафардан зиёд саёҳатчи келди. Қозоғистоннинг турли қисмларидан, хориждан ташриф буюраётган туристлар оқими йил бўйи тинмайди. Меҳмонлар сони ортиши учун этнотуризмга катта эътибор қаратиляпти.

Арай Садиқов, Ақмўла вилояти Бурабай тумани ҳокими:

- Этнотуризм анъанавий маданият иншоотларини зиёрат қилишни таъминлайди. Шу жумладан, иримшик ва қимиз тайёрлаш, чавандозлик каби миллий урф-одатлари намойиш қилинади. Туризмнинг бу соҳаси катта салоҳиятга эга. Меҳмонлар асосан меҳмонхонага жойлашади, кўпроқ пиёда сайр қилади.  Биз туристлар таътилига миллий бўёқлар берамиз.    

Туризмни ривожлантиришга гастрономия ҳам ёрдамлашади. У анъаналарни сақлаб қолиш билан бирга саёҳатчиларга мамлакат билан янги форматда танишиш  имконини беради. Руслан Соколовнинг пишлоқ корхонасида иримшик тайёрлаш ишини кўриш, 16 турдаги маҳсулотни татиш мумкин. Айтмоқчи, Қозоғистон маҳсулоти Европа танловларида кўп марта юқори баҳоланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси