Агросаноат мажмуасини ривожлантиришда яшил технологиялардан фойдаланиляпти. Манғистау вилоятида йил давомида озуқа маҳсулотлари етиштириш учун янги гидропоника технологиясидан фойдаланиляпти. Исатай Сақтағанов махсус цех қурди, токчалар ўрнатди. Бир неча кун давомида намланган арпа дони унади ва қад ростлайди. Кунига икки марта сув бериш тизими ишлаб турибди, алоҳида микроиқлим мавжуд. Фермер таъкидлашича, гидропоник ускуналарда етиштирилган яшил озуқа маҳсулот сифатига ижобий таъсир кўрсатяпти.
Исатай Сақтағанов, фермер:
- 3 кун ичида 40 килограмм атрофида майса ўсиб чиқади. 400 килограмм эксам, бир ойда 4 тонна маҳсулот оламан. Биз ўрдак, ғоз ва курка етиштириш ниятидамиз. Улар жайдари, кўп озуқа талаб қилмайди.
Мазкур гидропоник теплицада эса турк технологияси асосида помидор етиштирилади. Дастлабки 150 килограмм маҳсулот атиги 3 ойда пишиб етилди, дейди агроном. Тез кунларда яна иккита иссиқхона яратилади, уларда бодринг ва шивит етиштирилади.
Амангул Узақбаева, агроном:
- Маҳсулотимизни махсус экспертизага юбордик. Унинг натижаларига кўра, помидорлар 100 фоиз тоза чиқди. Бу – юксак натижа. Йил давомида мазкур иссиқхонадан 150-160 тонна атрофида помидор ҳосили оламиз.
Ўринғали Кузембаев, Манғистау тумани қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари:
- Ўтган йили 18 та деҳқон хўжалиги селитра учун субсидия олди. Учтаси сувга. Бу иссиқхона ва экинзорлар маҳсулотини маҳаллий дўконлар пештахтасидан топасиз. Нархлар Ақтаудагидан арзон. Ҳозир помидор харид қилиш учун шаҳарга боришнинг ҳожати йўқ, иссиқхонаники анча арзон ва сифатли.
Таъкидлаш лозимки, фақат ўтган йилда маҳаллий деҳқон хўжаликлари 160 миллион тенгедан кўпроқ субсидия олган. Миришкорлар бу маблағни техника ва минерал ўғитлар сотиб олишга сарфлаган.
Абдумалик Сарманов таржимаси